Элликқалъа туманидаги 66-сонли умумтаълим мактабида Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири, Қорақалпоғистон Республикаси гимни муаллифи Ибройим Юсупов ва Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси, М.Қошғарий ва М.Шолохов номидаги халқаро мукофотлар лауреати Тўлепберген Қаипбергеновнинг адабий меросини кенг тарғиб қилишга бағишланган адабий кеча бўлиб ўтди.

Қорақалпоқ адабиётининг қўшбойтераги деб ном олган икки сиймо ҳам 1929 йилда – И.Юсупов 5 май, Т.Қаипбергенов 7 май куни таваллуд топган. Икки сўз заргари олдинма-кетин, яъни атоқли шоир 1965-1980 йилларда, атоқли адиб 1980-2010 йилларда Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмасини бошқарган эди. И.Юсупов “Тўмарис” достони, Т.Қаипбергенов “Қорақалпоқ достони” трилогияси билан бутун дунёга танилди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакат пойтахтидаги Адиблар хиёбонида икки забардаст сўз санъаткорига ҳайкал қўйилди. Нукусда шоир номидаги ижод мактаби иш бошлади.

Адабий кечада давлатимиз раҳбарининг жорий йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ёшлар орасида адабиётни кенг тарғиб этиш, умумтаълим мактабида ташкил этилган “Бадиий сўз бўстони” адабий тўгарагида А.Навоий, Бердақ, И.Юсупов, Т.Қаипбергенов, Э.Воҳидов, А.Орипов ижодини ўрганишдаги долзарб вазифалар хусусида сўз борди.

– Адабий анжуман мактабимиз тарихида қувончли воқеа бўлди, – дейди таълим даргоҳи раҳбари А.Сайдаҳмедов. – Унда ўқувчиларимиз томонидан И.Юсупов қаламига мансуб шеърлар билан айтиладиган қўшиқлар янгради, Т.Қаипбергенов асарлари асосидаги саҳна кўринишлари намойиш этилди. Бизнинг мактаб математика фанини теран ўрганишга ихтисослаштирилган. Айни чоғда ўқувчиларимиз орасидан янги асрнинг Ибройимлари, Зулфиялари етишиб чиқади, деб орзу қиламиз. Бизга тарғиботчи қилиб нафақат мамлакатимизда, балки қўшни ҳудудларда ҳам тан олинган таниқли адиб ва таржимон Я.Қўчқоровнинг белгиланганлиги ҳам истиқболда ўз натижасини беришига ишончимиз комил.

Тадбир якунида тарғиботчи адиб ўз асарлари, таржималари, публицистикаси ҳамда шахсий кутубхонасидаги жаҳон адабиёти намуналаридан 300 китобни мактабга туҳфа этди.

 

Довуд Абибуллаев, ЎзА