Бугунги видеоселектор йиғилишида 21 та туманда маҳаллий саноат ривожланиш даражаси ўта қолоқ экани кўрсатиб ўтилди.
– Кейинги 2 йилда четдан кирган саноат маҳсулотлари батафсил таҳлил қилинди ва ҳудудларга етказилди. Шунинг ўзи ҳам, ҳар бир ҳудуднинг мавжуд имкониятларини яққол кўрсатиб берди. Айниқса, 21 та туманда саноат ривожланиш даражаси ўта паст. Булар – Тўрткўл, Қораўзак, Балиқчи, Жалақудуқ, Вобкент, Янгиобод, Зарбдор, Муборак, Касби, Хатирчи, Норин, Мингбулоқ, Нарпай, Қўшработ, Олтинсой, Оқолтин, Гулистон, Оққўрғон, Фарғона, Боғот ва Ҳазорасп туманлари, – деб алоҳида тўхталди Президент.
Масалан, сўнгги 2 йилда 6 мингга яқин кўп қаватли уй фойдаланишга топширилган бўлса, уларга ишлатилган материалларнинг 20-30 фоизи четдан келтирилган.
Жорий йилда қурилиши режалаштирилган 100 мингга яқин хонадоннинг ҳар бирига камида 20-30 миллион сўмлик электротехника, мебель, ошхона буюмлари, сантехника, майда хўжалик моллари керак бўлади.
Шу боис, ҳар бир туман ва шаҳар ҳокимлари қандай маҳсулотларни (идиш-товоқ, мебель, тикув материали ва шу каби аҳолининг кундалик эҳтиёжи бўлган товарлар) ўзида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича ўз таклифларини бериши таъкидланди.
Вилоят ҳокимлари қурилиш материаллари каби бошқа саноат маҳсулот турлари бўйича ҳам ихтисослашган туманларни белгилаб олишлари лозимлиги қайд этилди.
Видеоселекторда Учкўприк туманидаги трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мослашган 5 та қишлоқда йирик трикотаж кластери ташкил этилаётгани маълум қилинди. Худди шундай, Қўқон шаҳрини – оёқ кийимлари, Ургут туманини – уй-рўзғор жиҳозлари ва пойабзал, Самарқанд туманини қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлашга мослашган саноат ҳудудларига айлантириш бўйича кенг имкониятлар бор.