Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28 декабрь куни кимё саноати корхоналарининг молиявий-иқтисодий ҳолати ва соҳани ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда бунинг сабабларини санаб ўтди.
Қишлоқ хўжалигини молиялаштиришга умуман эътибор берилмагани ёки масалага юзаки ёндашилгани ушбу соҳадаги ўзаро ҳисоб-китоблар тизимида нуқсонлар юзага келишига сабаб бўлмоқда, деди Президентимиз.
Қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган минерал ўғитлар билан боғлиқ харажатлар қопланмаяпти. Оқибатда кимё корхоналарининг ишлаб чиқаришга сарфланган табиий газ, электр энергияси, фосфорит хомашёси, олтингугурт кислотаси ва бошқа турдаги товарлар ва хизматлар учун тўловларни амалга ошириш борасидаги имкониятлари чекланиб, кредитор қарздорлик ўсиб кетмоқда.
Шу боис 2018 йилдан бошлаб, истеъмолчиларга минерал ўғит етказиб бериш “Ўзкимёсаноат” АЖ ҳузурида ташкил қилинадиган “Ягона агент” воситачилигида биржа савдолари орқали амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.
ЎзА