Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 23 августдаги қарори асосида 2017-2021 йилларда кимё саноатини ривожлантириш дастури қабул қилинди. 


Унда умумий қиймати 3,1 миллиард долларга тенг 43 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, саноат маҳсулотлари ҳажмини 2,4 марта, экспортни 2,7 баробар ошириш, маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар улушини 42,5 фоизга етказиш ҳамда 43 та янги турдаги маҳсулот ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, 3,2 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилган.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 28 декабрь куни кимё саноати корхоналарининг молиявий-иқтисодий ҳолати ва соҳани ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда айтилди. 
Тармоқнинг экспорт-импорт фаолиятини тартибга солиш, ташқи савдо жараёнлари шаффофлигини таъминлаш, энг асосийси, ташқи бозорларда кимё маҳсулотларини сотиш ҳажмини ва географиясини кенгайтириш, рақобатбардошлиги ва жозибадорлигини янада оширишни таъминлаш мақсадида “Ўзкимёимпэкс” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилди.

 

ЎзА