Нукус шаҳрида “Экожурналистика соҳасида мультимедиа воситаларидан фойдаланиш асослари” мавзуида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун семинар-тренинг ўтказилди.
Семинар Ўзбекистон Республикаси замонавий журналистикани ривожлантириш маркази ҳамда Германия Федератив Республикаси демократия, оммавий ахборот воситалари ва маданий алоқалар институти билан ҳамкорликда ташкил қилинди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан 20 нафарга яқин журналист ва блогер қатнашди.
Олти кун давомида ўтказилган семинар-тренинг доирасида иштирокчиларга тажрибали тренерлар томонидан “Замонавий медиалар қанақа контент яратмоқда?”, “Сифатли материал тайёрлаш учун нималар зарур?”, “Тўрт челак” концепцияси” каби мавзулар бўйича машғулотлар олиб борилди.
Шунингдек, журналистларни Оролбўйи ҳудуди табиати, тарихий-археологик ёдгорликлари билан яқиндан таништириш мақсадида медиа-тур ташкил этилди.
– Мен Қорақалпоғистонга илк бор келишим, — дейди семинар-тренинг иштирокчиси сурхондарёлик ёш блогер Мастура Ҳамроева. – Тадбир барча иштирокчиларда яхши таассурот қолдирди. Тажрибали тренерлардан экожурналистика соҳасида материаллар тайёрлаш бўйича кўп нарсаларни ўргандик. Асосийси, Орол денгизининг бугунги ҳолатини кўриш имконига эга бўлдик. Шунингдек, Қорақалпоғистонинг туризм соҳасидаги салоҳияти, ҳудуддаги Чилпиқ, Жампиқ қалъа, Тупроқ қалъа, Аёз қалъа каби тарихий ёдгорликлар ҳамда қорақалпоқ халқининг миллий анъаналари билан яқиндан танишдик.
Семинар-тренинг сўнгида иштирокчиларга махсус сертификатлар топширилди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА