Инсон учун, айниқса халқимиз учун ҳаётда энг муҳими – тинч ва шинам уй-жойи бўлиши.
Айнан шу соҳада йиллаб амалий ишлар қилинмагани оқибатида уй-жой нархлари кескин ошиб кетгани ва оддий одамлар бундан азият чеккани сир эмас.
Кейинги йилларда уй-жой қурилишига эътибор кучайтирилди, ипотека кредитлари жорий қилинди. Шунга қарамай аҳолининг ушбу эҳтиёжи ҳали тўлақонли қондирилганича йўқ. Боиси юқорида айтилганидек, соҳа эътибордан четда қолгани учун айнан ушбу эҳтиёж кескин кучайган.
Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисида Сенат раиси Танзила Норбоева ушбу масалага эътибор қаратиб, уй-жой масаласи одамлар ҳаётида бирламчи ўринга чиққанини қайд этди. Буни ижтимоий тармоқлардаги чиқишлар ва кўп сонли мурожаатлардан ҳам билиб олиш мумкин.
Бу масала давлатимизнинг доимий эътиборида. Айниқса, жорий йилда аҳолини уй-жой билан таъминлаш бўйича катта марралар олинган, яъни 54 минг оилани уй-жой билан таъминлаш режалаштирилган. Кўплаб имтиёз ва енгилликлар берилмоқда.
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан уй-жой таъминотида адолатли тизим яратиш мақсадида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ҳузурида Халқпарвар комиссиялар фаолияти йўлга қўйилди.
Сенат кенгаши қарори билан мазкур комиссияларнинг намунавий низоми ҳамда намунавий таркиби тасдиқланди.
Мазкур комиссиялар жойлардаги сенаторлар, депутатлар, маҳалла ва оила, ёшлар, хотин-қизлар, нуронийлар ташкилотлари раҳбарлари, банк бошқарувчилари ҳамда ОАВ, жумладан блогерлардан иборат таркибда шакллантирилди.
Комиссиялар уй-жойга муҳтож фуқаролар рўйхатини шакллантириш, аҳоли учун қурилаётган уй-жойларга ер майдонлари ажратиш бўйича қарорлар қабул қилади.
Шу билан бирга, қурилиш ишларини сифатли амалга ошириш ва ўз муддатида тугатиш, ипотека кредити, субсидиялар олувчилар ўртасида маблағларни адолатли тақсимлаш, соҳада бюрократия, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларнинг олдини олиш, қурилиш ташкилотларини танлашда шаффофликни таъминлаш каби масалаларда комплекс назорат олиб боради. Тарғибот-тушунтириш ишларини амалга оширади.
Сенат раисининг қайд этишича, яқинда сенаторлар ҳудудларда бўлиб, Халқпарвар комиссиялар фаолиятини самарали ташкил этиш ишларида маҳаллий кенгашларга яқиндан кўмак берган.
Норгул Абдураимова, ЎзА