Президент Шавкат Мирзиёев Яшнобод туманидаги Парвоз маҳалласида бўлиб, аҳоли ҳаёти билан танишди.

Маҳалла – обод ва осуда ҳаётимизнинг бир бўлаги. Мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталик, ислоҳотларнинг энг қуйи бўғингача етиб бориб, одамлар ҳаётини ўзгартириши бевосита маҳалла тизимига боғлиқ.

Дарҳақиқат, ҳар биримизнинг ҳаётимиз, тақдиримиз, яшаш тарзимиз, оилаларимиздаги маънавий муҳит, фарзандлар тарбиясини маҳалладан айри ҳолда тасаввур этиб бўлмайди. Маҳалла обод бўлса, инсон хотиржам яшайди, уйини, остонасини, маҳалласини, юртини обод этади.

Мамлакатимизда ҳар бир маҳалладаги «ўсиш нуқталари»ни аниқлаб, аҳолини тадбиркорликка ва ўзини ўзи банд қилишга жалб этиш, коммунал муаммоларни ҳал қилиб, ҳудудини ободонлаштириш чоралари кўрилмоқда. Ташриф чоғида шу борадаги ишлар ижросига эътибор қаратилди.

Парвоз Тошкент шаҳридаги энг катта маҳаллалардан бири – 10 минг 200 нафардан зиёд аҳоли яшайди. Бу ерда қисқа вақтда маҳаллий бюджет ҳисобидан кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.

Жумладан, 61-сонли мактаб ва 306-боғча мукаммал таъмирланди. Маҳалла ҳудудидаги мустақилликдан олдин қурилиши бошланган ташландиқ ёпиқ сузиш ҳавзасини таъмирлашга киришилди. Мавжуд 41 та кўп қаватли уйнинг фасади янгиланиб, болалар майдончалари барпо этилди, ички йўллар тўлиқ асфальтланди.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига моддий, тиббий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. Ҳунар эгаллашга иштиёқманд ёшлар касб-ҳунарга ўқитилиб, ишга жойлаштирилди.

Аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида жорий йилда маҳалла ҳудудида умумий қиймати 73 миллиард сўм бўлган 6 та лойиҳани амалга ошириш ва 310 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.

Маҳаллада 9 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати фаолият юритар эди. Жорий йил январда “Шинам уй-жой” бошқарув сервис компанияси ташкил этилгач, кўп қаватли уйларга кўрсатилаётган хизматлар сифати яхшиланди.

Давлатимиз раҳбари ушбу компания биносини кўздан кечирди.

Компания Яшнобод туманида жойлашган 4 та маҳалладаги 103 та кўп қаватли уйга хизмат кўрсатади. Ширкат биносида туну кун диспетчерлик хизмати йўлга қўйилган. 35 доимий, 20 дан зиёд мавсумий иш ўрни яратилган. Бинода «Халқ банки» бўлими ҳам ташкил этилган.

Президент компания биносидан самарали фойдаланиш, бу ерда ширкат фаолиятига кирмайдиган, лекин одамларни қизиқтирадиган хизмат турларини йўлга қўйиш бўйича бўйича тавсиялар берди.

– Ҳозирги шароитда нима учун “темир дафтар”, “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари” тизимини қилдик? Агар давлат аҳолининг камбағал қатламига, аёллар, ёшларга эътибор берса, ҳокимликлар иш тизимини шунга қараб ташкил қилса, одамларда ишонч уйғонади. Давлатга ишонч қачон бўлади? Маҳаллада ўзгариш бўлса, – деди Президент.

Президент кўп қаватли уйлар ҳовлисида ўйнаётган болаларга эзгу тилаклар билдирди.

– Болаларимиз соғлом бўлиб, кўзларидан нур ёғилса, мен учун энг катта бахт шу. Сизларнинг билим олишингиз, касб-ҳунарлар эгаллашингиз, спорт билан шуғулланишингиз учун ҳамма шароитларни яратишга ҳаракат қиляпмиз. Сизлар яхши ўқиб, ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек боболаримизга муносиб бўлиб, ота-онангиз орзуларини ушалтирадиган инсонлар бўлиб улғайинг, – деди Шавкат Мирзиёев.

Мутасаддиларга пойтахтимиздаги барча 524 та маҳаллани шундай обод қилиш, бунинг учун ҳар бирига маблағ ажратиб, лойиҳаларини тасдиқлаш бўйича топшириқ берилди.

Шу ерда нуронийлар, жамоатчилик вакиллари билан самимий суҳбат бўлди.

– Улуғ айём кунларда сизлар билан кўришганимдан хурсандман. Меҳр кўзда дегандек, ёшлар, нуронийлар билан гаплашсам ўзимга куч, катта режалар оламан. Одамларнинг ҳар бир гапи менга масъулият бағишлайди. Халқимизни рози қилсак, иншооллоҳ, ажри ҳам бўлади, – деди Президент.

 

Матназар Элмуродов, ЎзА