Президент Шавкат Мирзиёев Яшнобод туманидаги Технопаркдаги янги корхоналар фаолияти билан танишди.
Давлат раҳбарининг 2019 йил 1 майдаги “Саноат кооперациясини янада ривожлантириш ва талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ушбу инновацион технопарки ташкил этилган эди. Ўтган қисқа вақтда бу ерда замонавий саноат тармоғи йўлга қўйилди.
Технопарк 7 та блокдан иборат. Бу ерда умумий қиймати 365 миллион доллардан зиёд 17 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Ўтган йили Технопаркда электрон газ ҳисоблагичлар, маиший совуткичлар, саноат кондиционерлари ва совутиш тизимлари, сув насослари, лифт ва эскалаторлар, форма ва қолиплар ишлаб чиқаришга оид олтита лойиҳа ишга туширилган.
Бу йил бошида яна 4 та корхонада қурилиш-монтаж ишлари битказилди. Президент шундай янги қувватлар – Эшик ва ромлар учун фурнитуралар ва аксессуарлар, Панелли иситиш радиаторлари, Алюмин композит панеллар ва Металл конструкциялар корхоналарида ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди.
Айни кунларда корхоналарда синов режимида маҳсулот тайёрланмоқда.
Корхоналарда иш бошлаган ёшлар Технопарк қошидаги ўқув марказида малака оширган. Ҳозир улар бу ерга ўрнатилган замонавий технологияларни бемалол бошқармоқда.
– Бу корхоналарнинг, албатта, иқтисодий аҳамияти катта. Лекин мени кўпроқ қувонтирадигани ёшларимизнинг малакаси, ишончи. Ҳозирги ёшлар ўқиган пайтларда бунақа станоклар йўқ эди. Шу ишларни 15 йил олдин бошлаганимизда болаларимизнинг билими, савияси бугун умуман бошқача бўларди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Фурнитура ва аксессуарлар лойиҳасининг қиймати 20 миллион доллар. Бунинг эвазига бино мукаммал таъмирланиб, Туркиядан замонавий ускуналар келтириб ўрнатилган. 450 та иш ўрни яратилган. Корхона эшик ва ромлар учун йилига 6 миллион дона фурнитура ва аксессуар ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу 10 миллион долларлик импорт ўрнини тўлдириш, 3 миллион долларлик экспорт имкониятини беради.
Яна бир корхонада 5 хил модификациядаги панелли иситиш радиаторлари ишлаб чиқарилади. Унинг лойиҳа қиймати 19 миллион доллардан зиёд, қуввати йилига 640 минг дона. Европа технологияси асосида тайёрланадиган бундай радиаторларга ички бозорда ҳам, ташқи бозорда ҳам талаб бор. Шундан келиб чиқиб, 6 миллион долларлик импорт ўрнини босиш, 8 миллион долларликдан кўпроқ экспорт қилиш мўлжалланган. 250 киши иш билан таъминланган.
Алюмин композит панеллар корхонаси ҳам иқтисодий самарадор. Унда тайёрланадиган 432 минг дона маҳсулот 10 миллион долларлик импорт ўрнини тўлдириш, 3 миллион долларлик экспортни таъминлаш имконини беради. Бунинг учун 2 миллион доллар эвазига Хитой технологияси ўрнатилган. 80 та иш ўрни яратилган.
Металл конструкциялар ишлаб чиқариш лойиҳасининг қиймати 29 миллион доллар. Шунга яраша, импорт ўрнини босиш даражаси ҳам нисбатан юқори – 16 миллион доллар. Шунингдек, 1,5 миллион долларлик экспорт ҳам режалаштирилган. Корхонага Италия технологияси ўрнатилган бўлиб, 3 хил сэндвич панеллар ҳамда 2 турдаги қора ва енгил металл конструкциялар ишлаб чиқарилади. Бу ерда 350 киши ишлайди.
Янги ишга тушаётган корхоналарда маҳаллийлаштириш даражаси 35-40 фоизни ташкил этади. Маҳсулотлар Россия, Украина, Қозоғистон, Озарбайжон, Грузия, Тожикистон, Қирғизистон, Афғонистон каби ўнга яқин давлатга экспорт қилинмоқда.
Технопаркда барча лойиҳалар ишга тушгандан кейин жорий йил якунида 5 триллион 700 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади, 105 миллион долларлик экспорт қилинади. 7 мингга яқин киши иш билан таъминланади.
Давлатимиз раҳбари шу билангина чекланмасдан, янги лойиҳалар ишлаб чиқиш, қўшилган қиймат яратадиган маҳсулотларга эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.
Зиёдулла Жонибеков, ЎзА