“Эзгу Амал” нодавлат нотижорат хайрия фонди томонидан “Ўзбекистон билан бирдамлик” лойиҳаси доирасида Нукус шаҳридаги шошилинч тиббий ёрдам марказида кислород станцияси қурилди.

Бу COVID-19 га қарши курашда инсонпарварлик ёрдами доирасида амалга оширилди. Ускуна хайрия маблағлари ва Европа Тикланиш ва Тараққиёт банки (ЕТТБ) ходимлари гранти ҳисобидан сотиб олинган.

Соатига 10 кубометр қувватга эга кислород станцияси ўпканинг сунъий шамоллатилишига муҳтож беморларни доимий равишда кислород билан таъминлаш имкониятини беради. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ускуна 95 фоиз тўйинган кислородни узлуксиз етказиб бериш кучига эга. Ушбу станциялар пандемия шароитида ҳам узоқ муддатли истиқболда ҳам фойдалидир.

Кислород станциялари Бельгиянинг “Atlas Copco Airpower N.V.” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган. Ушбу компания кислород генераторларини ишлаб чиқариш бўйича дунёда етакчилардан бири ҳисобланади. Ўзбекистонда мазкур компаниянинг ўз вакили бор бўлиб, у “AC Energy” МЧЖ хизмат кўрсатиш маркази сифатида фаолият юритади.

«Эзгу Амал» бу Ўзбекистонда кўнгиллилар томонидан ташкил қилинган фонддир. У 2018 йилдан буён юртимизда фаолият юритади.

Фонд онкологик ҳамда оғир касалликларга чалинган беморларга, ногиронлиги бор инсонларга ҳамда жамиятда қийин аҳволга тушиб қолган халқ қатламига тиббий хизмат харажатларини тўлаб бериш ва психологик қўллаб-қувватлаш билан шуғулланади.

2020 йилда, яъни қатъий карантин чоралари жорий қилинган даврда фонд томонидан Қорақалпоғистон Республикаси аҳолисига ёрдамлар кўрсатилди. Хусусан, «Ўзбекистон, нафас ол!» акцияси доирасида 30 та кислород концентратор аппарати, 105 дона пульсоксиметр ва 29 дона ногиронлар аравачаси, онкологик касалланган хотин-қизларга кимё терапия препаратлари, ЕТТБ томонидан “Ўзбекистон билан бирдамлик” лойиҳаси билан ҳамкорликда “Стоп COVID-19” акцияси доирасида 400 та хонадонга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Қиш ойларида “Сахий қўллар” фонди ва “Интер Коал Трейд” компанияси ҳамкорликда олис ҳудудларда қийин шароитда қолган аҳолига 8 тонна кўмир етказилди.

 

Е.Қаноатов, ЎзА