Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ҳудудларда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш бўйича жорий йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда.
Маълумки, пандемия даврида хизматлар ва сервис соҳаси энг кўп жабр кўрди. Шу боис, соҳадаги тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди.
Давлат раҳбари ўтган йили 24 турдаги солиқ имтиёзлари, субсидия ва бошқа преференциялар тақдим этиш орқали соҳа вакилларига 35 триллион сўмлик кўмак берилганини қайд этди.
– Берилган енгилликлар ҳам тадбиркорлар, ҳам банклар учун катта имконият бўлди. Масалан, ўтган йили тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида хизмат соҳасига 1 триллион сўм имтиёзли кредит ресурслари ажратилди. Бундан ташқари, тижорат банклари ўз маблағлари ҳисобидан соҳага қўшимча яна 14 триллион сўм кредитлар ажратгани аҳолининг хизматлар бозорига қизиқиши юқорилиги, ҳали бу соҳада имкониятлар кўплигидан далолат беради, – деди Президент.
Кенг имтиёзлар берилгани натижасида сервис соҳаларида ўзини ўзи банд қилган 500 минг нафар фуқаро расмий рўйхатдан ўтган. Қайси ҳудуд, шаҳар ва туманлар ушбу имкониятлардан самарали фойдаланган бўлса, ўз натижасини бергани қайд этилди.
Жумладан, Қўқон ва Ширин шаҳарлари, Кармана туманида аҳоли жон бошига умумий хизматлар ҳажми 6,5 миллион сўмни ташкил этиб, республика кўрсаткичидан юқори бўлди (6,4 миллион сўм).
Йиғилишда таъкидланишича, 26 та туманда, жумладан, Беруний, Шуманай, Чироқчи, Қамаши, Гулистон, Ховос, Олтинсой, Қумқўрғон, Ўзбекистон ва Ёзёвонда бу кўрсаткич энг пастни ташкил этган (2 миллион сўмдан кам).
Транспорт хизматлари аҳоли жон бошига Қўнғирот ва Қоровулбозорда – 4 миллион сўмдан, Чирчиқ ва Урганч шаҳарларида – 3 миллион сўмдан тўғри келиб, энг яхши кўрсаткич сифатида қайд этилган (республика бўйича ўртача 1,6 миллион сўм).
Лекин Тахиатош, Элликқалъа, Арнасой, Зафаробод, Фориш туманларида транспорт хизматлари аҳоли жон бошига атиги 300 минг сўмни ташкил қилган.
Чакана савдо хизматлари Булоқбоши, Қибрай, Ўртачирчиқ, Янгийўл, Олот, Ғиждувон, Когон, Миришкор, Нишон, Конимех, Учқудуқ, Кармана туманларида нисбатан яхши ривожланмоқда.
Бироқ, Қонликўл, Тахиатош, Оқолтин, Ховос, Оҳангарон, Пскент туманларида ушбу хизматлар республика ўртача кўрсаткичидан 3 баробар паст.
Овқатланиш хизматлари жон бошига Қоровулбозор (745 минг сўм), Қўнғирот (455 минг сўм) ва Кармана (270 минг сўм) туманларида юқори кўрсаткичларни қайд этди.
Лекин, бу кўрсаткич Бахмал ва Ховосда – 11 минг сўм, Избоскан, Пахтаобод, Янгиариқ, Қўшкўпир, Бўстон туманлари ва Нурафшон шаҳрида – 15 минг сўмдан, Балиқчи ва Янгиқўрғонда – 17 минг сўмни ташкил этади.
Бекобод, Боёвут, Ҳазорасп, Сергели, Оққўрғон туманларида давлат таълим муассасаларида, Паркент, Сирдарё ва Тупроққалъа туманларида тиббиёт муассасаларида тижорат хизматларини кўрсатиш даражаси ўта паст.
Энг ачинарлиси, жойларда аниқ методология яратилмагани, шунингдек, сектор раҳбарлари эътиборсизлиги оқибатида, кўрсатилаётган хизматлар ҳажми, объектлар сонини аниқлаш ва ҳудудлар салоҳиятини тўғри баҳолашнинг бугун ҳам имкони йўқ.
Ҳар бир вилоят ҳокими соҳадаги аҳвол ва мутасадди раҳбарларнинг масъулиятини кеча ўз ҳудудидаги селектор йиғилишларида танқидий муҳокама қилгани айтилди. Оқибатда 27 нафар раҳбар лавозимидан озод этилган, 54 нафарига интизомий жазо берилган.
Йиғилишда бундан буён ҳар бир вазир, жумладан, транспорт (И.Маҳкамов), ахборот технологиялари (Ш.Содиқов), таълим (Ш.Шерматов, А.Тошқулов), соғлиқни сақлаш (А.Ҳожибоев), қурилиш (Б.Зокиров), маданият (О.Назарбеков), қишлоқ хўжалиги (Ж.Хўжаев), бандлик (Н.Ҳусанов) вазирлари ўз йўналишида хизматларни ривожлантириш бўйича ҳудуд раҳбарлари билан бирдек ишлаши ва натижадорлик учун жавоб бериши белгиланди.
– Бир нарсани яхши тушуниш лозим: хизмат кўрсатиш – одамларнинг дардига дармон бўлаётган соҳа. Янги иш ўринлари, энг кам харажат ва тез муддатда хизматлар ва сервис соҳаларида ташкил этилади. Жойлардаги аҳоли даромадларининг реал ўсишини ҳам, аввало хизматлар ривожидан яққол кўриш мумкин. Шунинг учун, ушбу соҳага иқтисодиётнинг асосий “драйвер”ларидан бири деб, қарашимиз керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
ЎзА