АҚШдаги Стэнфорд университети олимлари инсон ҳар куни кексайиб боради, деган қарашларни шубҳа остига олишди ва инсон танаси ҳақиқатан ҳам ўзгарадиган учта босқични маълум қилишди.

Focus нашрининг ёзишича, мутахассислар 18 дан 95 ёшгача бўлган 4 минг 263 кишининг қонидаги плазмани таҳлил қилиб кўришди. Улар оқсилларнинг тахминан уч мингта турини ўрганиб, уларнинг улуши ўнлаб йиллар давомида ўзгармаганига эътибор қаратишди. Бироқ 34, 60 ва 78 ёшдаги кўнгиллиларда оқсил даражадаги сезиларли ўзгаришларни аниқлашган.

Олимлар ушбу ўзгарувчанликни бутун танадаги ўзгаришларга боғлашди. Гарчи, оқсиллар ёки қон таркиби кексайишга айнан қандай қилиб таъсир этиши маълум бўлмасада, сичқонларда олиб борилган тажрибалар шуни кўрсатдики, ёш сичқонларнинг қонини кексаларига қуйиш организмига ижобий таъсир этар экан.

Бундан аввал Хьюстондаги Бейлор тиббий коллежи ходимлари глицин ва ацетилцистеин препаратлари аралашмасини клиник синовдан ўтказган эди.

Натижа шуни кўрсатдики, ушбу препаратлар ёши улуғ инсонларда кексайишнинг кўплаб дефектларини бартараф этиб, мускуллар кучини тиклайди, уларда билиш қобилиятини қайтаради.

 

ЎзА