Қорақалпоғистон Республикаси суди раиси Г.Базарбаева ва Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди раиси вазифасини вақтинча бажарувчи А.Нурлипесов томонидан Шуманай туманида ўтказилган маҳаллалар кесимидаги сайёр қабулларда тумандаги ҳуқуқий жиҳатдан кўмакка муҳтож бўлган фуқароларни қийнаб келаётган муаммолар тингланди. Мурожаатларни жойида ҳал этиш ва зарур ҳуқуқий маслаҳат бериш учун тадбирда туман ҳокими, прокуратура ва ички ишлар бўлими маъсуллари ҳам иштирок этди.

“Тозабазар” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси билан бўлган мулоқотлар давомида шу маҳаллада истиқомат қиладиган З.Дошекенова пандемия туфайли банкдан олган кредит қарзини тўлашга қийналаётганини айтиб, кредитнинг тўлов муддатини узайтириб беришни сўради. Бу масалада фуқарога қаерга мурожаат қилиши тўғрисида тушунча берилди.

Ушбу маҳаллада яшовчи Г.Есбосинова арзандларининг моддий таъминоти учун собиқ турмуш ўртоғидан алимент ундириш масаласида мурожаат қилди. Бу масалада ариза билан судга мурожаат қилиш тартиби тушунтирилди.

Шу маҳалладан Г.Бегжанова эса турмуш ўртоғидан алимент ундириш ва ўзига тегишли мол-мулкларни олиб бериш масаласида судга муражаат қилган, лекин вақтинча ишсиз бўлганлиги боис давлат божини тўлашга моддий имконияти йўқ. Қабулда мурожаат жойида ўрганилиб, оилавий шароити ҳисобга олиниб, унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилган ҳолда туман прокурори томонидан фуқаролик ишлари бўйича Қўнғирот туманлараро судига даъво аризаси киритиладиган бўлди.

“Мамий” овул фуқаролар йиғинида 3 нафар фуқаронинг банкдан имтиёзли кредит олиш, тиббиёт муассасасида бепул даволаниш учун ордер ва бола асраб олиш борасидаги мурожаатлари тингланиб, уларга тегишли тартибда ҳуқуқий тушунчалар берилди.

“Бегжап” овул фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Н.Раманова фуқаролик ишлари бўйича Қўнғирот туманлараро суди томонидан турмуш ўртоғидан алимент ундириш белгиланган, аммо шу кунга қадар алимент ундирилмаётганлигидан норози эканлигини билдирди. Унинг бу мурожаати туман прокуратураси томонидан назоратга олинадиган бўлди.

“Тазабазар”, “Мамий”, “Бегжап” ва “Қарабайли” овул ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларида ўтказилган сайёр қабул давомида жами 20 нафар фуқаронинг мурожаати тингланиб, уларга зарур ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Бир нафар фуқаронинг мурожаати жойида ижобий ҳал этилди.

 

Довуд Абибуллаев, ЎзА