Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси Нукус шаҳар Темир йўл бекати бўлими бошлиғининг билдиргисига асосан ўтказилган тезкор тадбир давомида пора таклиф қилган фуқаролар ушланди.
Ўтган йилнинг январь ойида Тахиатош темир йўл станцияси ТEМ-2 6826-сонли манёвр тепловоз машинисти А.Е., ёрдамчи машинисти И.К. ҳамда Хўжайли бекати вагон тузувчиси М.А. ўзларига бириктирилган тепловознинг 120 литр дизель ёқилғисини фуқаро Т.А.га жами 480 минг сўмга сотган вақтида ушланган.
Улар ушбу ҳолатни расмийлаштирмаслик эвазига Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармасининг Нукус шаҳар Темир йўл бекати бўлими бошлиғига 10 миллион сўм пулни пора тариқасида таклиф қилган. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси ҳамда Ички ишлар вазирлиги ходимлари томонидан Нукус шаҳар Темир йўл бекати бўлими бошлиғи хизмат хонасида келишилган пулни бераётган вақтида ушланди ҳамда 10 миллион сўм пул ашёвий далил тариқасида олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаролар А.Е., И.К., М.А. ҳамда Т.А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, жиноят ишлари бўйича Нукус шаҳар суди томонидан жавобгарларга нисбатан қонуний жазо чораси қўлланилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА