Маълумки, дунёда ҳар бир халқнинг ўз тили, тарихи ва маданияти, миллий анъана-ю қадриятлари бор. Айниқса, халқ оғзаки ижоди намуналари ҳисобланган ўлан ва лапарлар, эртак ва маталлар элатларнинг маънавий қиёфаси, ўзлигини намоён этади. Шулар қаторида бахшичилик ва достончилик ҳам ўзига хос ўрини эга.

Тарихий манбаларда қайд этилишича, “бахши” сўзи “маърифатчи”, “зиё улашувчи” маъноларини англатади. Шу боис, бахшичилик, халқ достончилиги халқимизнинг қадим маданиятининг илк кўринишларидан бири сифатида ардоқланган. Бахшилар эса терма, қўшиқ ва достонларни ёддан куйловчи,  авлоддан-авлодга етказувчи шахс сифатида ҳурмат қилиниб келинган. Уларнинг ширали овози, дўмбирасидан таралаётган куй инсон қалбини беихтиёр тўлқинлантирган, жунбушга келтирган. Дўмбираси тилга кириб, овоз созга, соз овозга мойил бўлган, қалблар оҳанглар асирига айланган.

Сўнгги йилларида бахши-шоирлар ижодини тарғиб қилиш борасида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилди. Бахшичилик санъатининг тарихи ҳамда бахшилар ижодини мукаммал ўрганиш борасида тадқиқотлар олиб бориляпти. ОАВ, ижтимоий тармоқлар орқали кенг тарғиб этилмоқда. Устоз бахшилар, соҳа олимлари, иқтидорли ёш бахшилар фаолияти моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватланмоқда. Жумладан, мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан 2019 йилнинг апрел ойида Термизда Халқаро бахшичилик санъати фестивали ўтказилган эди ва тадбирни ҳар икки йилда бир марта ўтказишга қарор қилинганди.

Бахшичилик санъатини республика ва халқаро миқёсда янада кенг тарғиб қилиш, Халқаро бахшичилик санъати фестивалини республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам ўтказиш, “устоз-шогирд” анъаналари асосида қайта тиклаш ва ривожлантириш мақсадида куни кеча Президентимизнинг “II Халқаро бахшичилик санъати фестивалига тайёргарлик кўриш ва бахшичилик санъатини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, 2021 йилда Нукус шаҳрида II Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш белгиланди.

Ушбу фестивалини Нукус шаҳрида ўтказилиши бежиз эмас. Бахши-жировчилик қорақалпоқ халқининг қадимий миллий санъат турларидан бири ҳисобланади. Халқ фольклорига хос достонлар элга машҳур бахши-жировлар томонидан ижро қилиниб, устоз-шогирд анъанаси орқали бизгача етиб келган.

Президентимизнинг ушбу қарори Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ғоя ва мақсадига ҳамоҳанг эканини таъкидлаш жоиз. Чунки халқимизнинг тарихий, маданий ва илмий-интеллектуал меросини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, бойитиш ва уларни янада кўпайтиришга кўмаклашиш, халқимизнинг бой тарихи ва маданиятини ўрганиш, ёш авлод ўртасида кенг тарғиб этиш, ёшларда тарихий мерос ва халқ анъаналарига чуқур меҳр-ҳурмат, эҳтиром уйғотиш каби эзгу амаллар партиянинг асосий вазифалари ҳисобланади. Демак, партия ва партиядан сайланган депутатлар мазкур қарор ижросини таъминлашга муносиб ҳисса қўшиши шубҳасиз.

 

Руслан ЖУМАМУРАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати