Қорақалпоғистон Республикаси судида “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, шунингдек, судлар фаолиятида нуронийлар тажрибасидан самарали фойдаланиш, ёш авлодга тарбиявий-маърифий сабоқ бериш масалаларига бағишланган конференция ўтказилди.

Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси Қорақалпоғистон филиали томонидан видеоконференц алоқа режимида ташкил этилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси суди ва маъмурий судининг судьялари, фахрийлар иштирок этди.

Анжуманни Қорақалпоғистон Республикаси суди раисининг ўринбосари А.Адилов бошқариб борди. Сўнг давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 3 февралдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги фармонининг барча соҳалар қатори суд-ҳуқуқ тизимини ривожлантиришдаги аҳамияти, судлар фаолиятида нуронийлар тажрибасидан самарали фойдаланиш, ёш авлодга тарбиявий-маърифий сабоқ беришнинг афзалликлари хусусида сўз борди.

Фармон билан жорий йилга тасдиқланган давлат дастурида қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари белгилаб берилган. Бу борада амалга оширилиши кўзда тутилган вазифалар суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судларнинг нуфузини ошириш, суд тизимини демократлаштириш ва такомиллаштиришга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

Бугунги кунда суд тизимида “устоз-шогирд” анъанасининг йўлга қўйилганлиги келажакда етук малакали судьяларни тарбиялашда, одил ҳукм чиқаришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Жумладан, лавозимларга илк маротаба тайинланган ёш судьяларга илгари ушбу тизимда самарали фаолият юритиб, меҳнат йўли кўпга намуна, тажрибали фахрий судьялар устоз қилиб бириктирилган. Улар доимо кўрилаётган иш билан боғлиқ қонуний қарор қабул қилишда ўзларининг бор билим ва тажрибаларини аямай, ёшларга йўл-йўриқ кўрсатиб келмоқда. Албатта, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, судьяларга берилаётган имтиёз ва қулайликлар судьяларнинг масъулиятини ҳам оширади.

 

Гулайим Ғаниева,

Қорақалпоғистон Республикаси суди  

бош консултанти