Олий Мажлис Сенати Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси томонидан Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан белгиланган чора-тадбирлар ижросини таъминлаш бўйича идоралараро ишчи гуруҳининг биринчи кенгайтирилган йиғилиши ўтказилди.
Ўтган давр мобайнида мактабгача таълим муассасалари, мактаблар, спорт, соғлиқни сақлаш, маданият, кўп қаватли уй-жойлар ва ичимлик сув таъминоти объектларини қуриш, реконструкция ишлари олиб борилган. Эътиборли жиҳати шундаки, ривожланишнинг дастлабки босқичлари ўз ижобий самарасини кўрсатмоқда. Бугунги вазиятда ҳар бир қорақалпоғистонликнинг қалбида бўлаётган ўзгаришлардан мамнунлик ҳисси бор.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 ноябрдаги “2020–2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ҳар бир шаҳар ва туманнинг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда “ўсиш нуқталари”, яъни драйвер соҳалар белгиланган. Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, озиқ-овқат, тўқимачилик, нефть-кимё саноати, боғдорчилик, иссиқхоналар ташкил қилиш, ипакчилик, туризм соҳаси шулар жумласидандир.
Ушбу ҳужжат асосида 2 минг 788 та лойиҳа ва объектларда 21 триллион 209 миллиард сўмлик кенг кўламли ишлар бажарилиши режалаштирилган. 2020 йилда умумий қиймати 3 триллион 677 миллиард 371 миллион сўмлик 588 та лойиҳа ишга туширилиши белгиланиб, амалда 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига 1 минг 206 та лойиҳанинг 5 триллион 887 миллиард сўмлик инвестиция маблағлари ўзлаштирилди. 705 та лойиҳа ишга туширилиши ҳисобига 4 минг 411 та янги иш ўрни яратилди.
– Ушбу минтақада энг оғир муаммолардан бири бу ишсизлик. Шу жиҳатдан 2021 йилда умумий қиймати 5 триллион 290 миллиард сўм бўлган 592 та лойиҳа амалга оширилиши эвазига 10 минг 495 та янги иш ўринлари яратилиши белгиланган, – деди Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси Борий Алихонов.
Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлиги томонидан шароити оғир 45 та маҳаллаларнинг бош режа схемалари ишлаб чиқилиб, Вазирлар Кенгаши томонидан тасдиқланган. Бироқ, бош режа схемаларини ишлаб чиқишда пиёдалар йўлакларини қуриш ва таъмирлаш, ичимлик суви таъминоти каби бирламчи ва камхарж тадбирлар 2022-2023 йилларга режалаштирилган.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига методик раҳбарлик қилиш ишлари етарли даражада йўлга қўйилмаган. Қарор асосида мазкур маҳаллалар учун қарийб 3 триллион сўм маблағ йўналтирилиши белгиланган. Бироқ, ҳозирда мазкур маблағларнинг бир қисми “Обод қишлоқ” дастури рўйхатига киритилган 35 та маҳаллага ҳам йўналтирилиши оқибатида, шароити оғир тоифадаги маҳаллаларда белгиланган вазифаларнинг тўлақонли бажаралиши хавф остида қолмоқда.
Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси томонидан 45 та маҳалланинг бош режа схемаларини “маҳаллабай” тамойили асосида қайта ишлаб чиқиш ҳамда маҳалла раисларини “темир дафтар”, “аёллар дафтари” ва “ёшлар дафтари” билан ишлаш бўйича ўқитиш чоралари кўрилмоқда.
Орол денгизининг қуриган тубини ўрмонлаштириш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. 2018-2019 йилларда Орол денгизи қуриган тубида 1 миллион 125 минг гектардан ортиқ майдонда қум йиғиш ариқлари олинди ҳамда 461 минг гектар майдонда чўл ўсимликларидан саксавул, юлғун, қорабароқ уруғлари ва кўчатлари экилди. 2019-2020 йилларда 166 минг гектардан ортиқ майдонда қум йиғиш ариқлари олинди ҳамда 706,4 минг гектар майдонда чўл ўсимликларидан саксавул, юлғун, қорабароқ уруғлари ва кўчатлари экилди.
Бу борада ечимини кутаётган бир қатор муаммолар ҳам санаб ўтилди. Хусусан, 5 та банк томонидан қиймати 31,1 миллиард сўмлик 5 та лойиҳага 14,4 миллиард сўмлик кредит маблағлари ўз вақтида ажратилмаган. Шунингдек, 6 та туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан 6 та лойиҳага ўз вақтида ер майдонлари ажратилмаганлиги туфайли ишга туширилмаган.
Фермерлар кенгаши томонидан қиймати 790 миллион сўмлик 1 та лойиҳа кредит ресурсларининг келиб тушмаганлиги сабабли ўз вақтида ишга туширилмаган. 10 та лойиҳа эса ташаббускорлар томонидан асосан ҳисоб-китобларда ноаниқликлар бўлганлиги туфайли ўз вақтида бажарилмаган.
Сенат томонидан Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирларининг ижроси устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш чоралари кўрилмоқда.
Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилаётган дастурлар, лойиҳалар ижроси устидан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, бу борада юқори палата томонидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари салоҳиятидан фойдаланишга жиддий эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди.
Идоралараро ишчи гуруҳига дастур ижроси устидан қатъий назоратни ташкил этиш, амалга оширилаётган лойиҳаларнинг натижадорлигини таъминлаш, юзага келаётган муаммоларни жойида ҳал этиш ва аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш каби вазифалар юклатилди.
Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА