Тошкентда 18 март куни Ўзбекистон Республикаси раислигида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (ШҲТ МАТТ) Кенгашининг навбатдаги – ўттиз олтинчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирда Ҳиндистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Қирғиз Республикаси, Покистон Ислом Республикаси, Россия Федерацияси, Тожикистон Республикаси, Ўзбекистон Республикаси ваколатли органлари ҳамда ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси делегациялари иштирок этди.

Томонлар минтақавий хавфсизликнинг жорий ҳолатини кўриб чиқдилар, ШҲТ ҳудудида терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши кураш соҳасида амалдаги вазиятни муҳокама қилдилар, ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли органлари ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги даражаси бўйича фикр алмашдилар, халқаро террорчилик ташкилотлари томонидан хавфсизликка нисбатан мавжуд бўлган замонавий таҳдид ва хатарларга қарши биргаликда курашиш чораларини белгилаб олдилар.

Йиғилиш давомида ШҲТ МАТТ Кенгашининг ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари Кенгашига ШҲТ МАТТнинг 2020 йилдаги фаолияти тўғрисидаги Ҳисоботи маъқулланди. ШҲТга аъзо давлатлар Терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши кураш бўйича 2019-2021 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурининг 2020 йилда бажарилиши, ШҲТ МАТТ Кенгаши қарорлари ижроси хусусидаги ахборот кўриб чиқилди.

ШҲТга аъзо давлатлар Терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши кураш бўйича 2022-2024 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури лойиҳаси маъқулланди. ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитасининг ўтган даврдаги фаолиятига ижобий баҳо берилди.

2021 йилда ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли органларининг навбатдаги “Пабби – Антитеррор-2021” қўшма аксилтеррор ўқув машқларини, ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли органлари чегара хизмати раҳбарларининг 8-йиғилишини ва ШҲТ МАТТ 8-халқаро илмий-амалий конференциясини ўтказишга келишиб олинди.

ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли органларининг террорчилик фаолиятини молиялаштириш каналларини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича ҳамкорлигини такомиллаштиришга қарор қилинди.

БМТ Хавфсизлик Кенгашининг хорижлик жангари-террорчилар ҳаракатланишининг олдини олишга қаратилган 2178 ва 2396 рақамли Резолюциялари талаблари бажарилиши доирасида йўловчилар ҳақидаги дастлабки ахборотлар ва йўловчилар қайд этилиши ёзувлари тўғрисидаги маълумотлар тизимини жорий этиш масаласи кўриб чиқилди.

ШҲТ МАТТ фаолиятини ривожлантириш ва ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли органлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган шахсий ҳиссаси учун бир қатор ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли органлари ходимлари ва ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси мансабдор шахслари Кенгаш Ёрлиғи ва ШҲТ МАТТ Эсдалик нишони билан тақдирландилар. Қирғиз Республикаси, Покистон Ислом Республикаси ва Россия Федерацияси вакилларига «Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатнинг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Кенгашидаги Фахрий вакили» унвони берилди.

ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси фаолиятини ташкилий, молиявий ва кадрлар масаласи бўйича таъминлаш юзасидан қарорлар қабул қилинди.

ШҲТ МАТТ Кенгашининг навбатдаги йиғилишини 2021 йил сентябрь ойида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.

Йиғилиш ишчанлик руҳида, дўстона муҳитда ўтди.

Ғайрат ХОННАЗАРОВ, ЎзА