Миллий терма жамоамиз аъзоси Абдушукур Собиржонов 2018 йили Аргентинада ўтадиган III ўсмирлар Олимпия ўйинларининг конкур баҳсларида иштирок этади.

III ўсмирлар Олимпия ўйинларига номзодлар сиртқи жаҳон кубоги – Челленж мусобақаларидаги иштироки ва юқори кўрсаткичлари асосида сараланди. Жорий йилги Челленж мусобақаларининг Ўзбекистон, Эрон, Иордания, Қозоғистон, Қирғизистон, Қатар, Сурия, Бирлашган Араб Амирликлари ва Саудия Арабистони каби давлатлардан ташкил топган олтинчи ҳудудий гуруҳида жами 78 нафар чавандоз Олимпиада йўлланмасини қўлга киритиш учун муросасиз баҳсларда ўз иқтидори ва салоҳиятини намойиш қилди.

Мусобақада Абдушукур Собиржонов маррани ҳеч қандай жарима балл олмасдан 63.04 сонияда босиб ўтиб, ғолибликни қўлга киритди.

Чавандозимиз ўсмирлар ўртасидаги ёзги Олимпиадада Осиё минатақаси терма жамоаси шарафи учун ҳам беллашувларда қатнашади.

 

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА