Сенат Раиси Танзила Норбоева аёлларга бағишланган нуфузли анжуманда давлатимиз раҳбарининг ўз касбига садоқатли, қизларимизга ибрат бўлишга арзирли аёлларнинг катта гуруҳини Ватанимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирлашга оид фармони ҳадемай эълон қилинишини айтганида залдаги опа-сингилларимизнинг кўзлари қувнади.

Бугун фармон матбуотда эълон қилинди. Унда турли соҳалар ривожига муносиб ҳисса қўшаётган устоз ижодкорлар, фидойи аёллар, опа-сингилларимизнинг исми-шарифлари қайд этилгани ҳамюртларимиз қувончига қувонч қўшди.

Мукофотланганлар рўйхати чиндан ҳам салмоқли. Аслида меҳнатсеварлиги билан эл назарига тушган ҳар бир онахон, устозлар, опа-сингилларимиз ҳақида алоҳида йирик очерклар ёзсак арзийди. Доим куйди-пишди онахонимиз Фарида Абдураҳимова қайси вазифаларда меҳнат қилмасин, хотин-қизларнинг муаммоларини яқиндан ва жиддий ўрганишга эътибор қаратиб келади. Эндиликда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг хотин-қизлар билан ишлаш бўлими бошлиғи бўлиб меҳнат қилаётган Фарида Йўлдошевна «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» фахрий унвони билан тақдирланди. Дарҳақиқат, опанинг аёллар муаммосини ипидан игнасигача мукаммал ўрганиш, улар билан ишлай олиш маҳорати кўпчилик ёшларга ҳам намуна бўлишга арзирли.

Шундай юксак шарафга муносиб кўрилган Қорақалпоғистон тиббиёт институти ректори Орал Атаниязова оналик ва болаликни асрашга умрини бағишлаган инсон. Тиббиётдаги оғриқли нуқталарга доим эътибор қаратиб келган Орал опа илм ва амалиёт уйғунлигини ўз ишида муваффақиятли қўллайди.

Устозимиз, Ўзбекистон халқ шоираси Ойдин Ҳожиева шеърияти тонг нафасидек, чашма сувидек тиниқ, беғубор. Ватан, миллат, соғлом авлод қайғуси, умрбоқий анъаналар тараннуми уларда устувор. Узоқ йиллар етакчи таҳририятларда меҳнат қилган устозимизнинг журналистикадаги ижодида хотин-қизлар, баркамол авлод тарбияси, маънавият, таълим-тарбия масалалари Ойдин опанинг ўзигагина хос бўлган бадиий маҳорат, зийрак нигоҳ билан таҳлил этилади. Устознинг саъй-ҳаракатлари «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан тақдирлангани адабиёт мухлислари қалбига ёруғлик бағишлади. Зеро, Ойдин опага ҳавас қилиб қизларига шу нурли исмни берган оилалар, адабиёт, журналистикага кириб келган ижодкорларнинг саноғи йўқ.

Шундай юксак орденга муносиб кўрилган Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Зокирова миллий театр санъатимиз равнақига ҳисса қўшиши билан бирга оилалар бутунлиги, болаларнинг руҳияти, ота-она меҳридан бебаҳра қолган ўғил-қизлар мавзусидаги туркум кўрсатувлари юракда гарчи оғриқ қўзғаса-да, буларни бари жамиятнинг оғриқли нуқталаридир.

«Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган Олмос опа Аҳмедова кўп йиллар Ғафур Ғулом уй-музейида раҳбар бўлиши билан бирга китобхонлик, миллий адабиётимиз тарғиботида, музейшунослик ишида жонбозлик кўрсатиб келмоқда. Ҳамон гўзал ва ўктам Насиба Иброҳимованинг қўнғироқдай овози қулоқларимизга эмас, юракларимизга муҳрланган. Миллий маданиятимиз равнақида Насиба Исмоиловнадек жонбозлик кўрсатган инсонларнинг ҳиссаси беқиёс.

Мукофотланганлар сафида энг оғир жабҳаларда эркаклардан қолишмасдан фидокорона меҳнат қилаётган опа-сингилларимиз борлиги кўпларни қувонтирди. «Ўзбекистон металлургия комбинати» акциядорлик жамиятининг электрда пўлат эритиш цехи оператори Дилобар Саломова, «Навоий кон-металлургия комбинати» давлат корхонасининг «Навоий машинасозлик заводи» ишлаб чиқариш бирлашмаси участка кран машинисти Дилдор Тилабова машаққатли ва ўта оғир меҳнатидан шуҳрат топганлар, десак янглишмаймиз.

Таниқли композитор, мусиқа оламининг билимдони Ойдин Абдуллаева биринчилардан бўлиб Зулфия номидаги Давлат мукофотига муносиб кўрилган ижодкорлардан. Унинг ардоқли шоирамиз номидаги мукофотга чин маънода лойиқ экани ҳамюртларимизга яхши аён.

Мукофотланган опа-сингиллар ҳақида бир эмас, ўнлаб мақола, очерклар ёзсак оз.

Ҳа, мукофотлар руҳиятга рағбат, ижоду меҳнатга, изланишга куч-қувват бағишлайди. Уларда халқ меҳри, ишончи, эътирофи, қувончи мужассам!

 

Назокат Усмонова, ЎзА