Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Мурат Камалов Беруний туманидаги Маданият саройида Элликқалъа, Тўрткўл ва Беруний туманлари ёшлари билан учрашди.

Бу ҳақда Беруний тумани ҳокимлиги ахборот хизмати ЎзА мухбирига маълум қилди.

Маданият саройининг фойесида турли миллат вакилларининг куй-қўшиқлари ижро қилиниб, меҳмонлар маданият марказидаги 28 та тўгарак фаолияти билан танишди. Доира, миллий қўшиқчилик, хореография, рубоб, эстрада, спортнинг бадиий гимнастика ва каратэ йўналишлари бўйича тўгарак иштирокчилари ўз маҳоратларини намойиш этди. Жўқорғи Кенгес Раиси томонидан марказ кутубхонасига 1000 та китоб совға қилинди.

Марказ тасарруфидаги музей экспонатлари ҳамда берунийлик рассомлар Собир Қутлимуратов, Сахий Джанахмедовнинг кўргазмаси билан танишди. Ижодкорларга бугунги ёш авлоднинг рассомчилик санъатига қизиқишини янада орттириш мақсадида устоз-шогирд анъанасини давом эттириш борасида тавсиялар берилди. Олис ҳудудлардан мактабларга қатновчи ўқувчиларга 20 дона велосипед совға қилинди.

Жўқорғи Кенгес Раисининг ёшлар билан учрашуви савол-жавобларга бой бўлди. Дастлаб ZOOM дастури орқали мазкур туманлардан Хитой, Белорусь ва Россия Федерацияси олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёшлар билан ўзаро фикр алмашилди. Шундан сўнг 3 та туман ёшларининг мурожаати тингланди. Тадбир доирасида Элликқалъа туманидан 3 та, Тўрткўл туманидан 3та ва Беруний туманидан 3та кам таъминланган оила фарзандларига шартнома тўловлари учун сертификатлар, фан олимпиадаларида юқори натижаларга эришган 6 нафар ёшга ноутбук совға ѕилинди.

Учрашувдан сўнг ёшлар учун гала концерт намойиш этилди. Санъат усталари ижросидаги куй-қўшиқлар даврага янада файз бағишлади.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА