Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармасининг йиғин пунктида Ватан олдидаги муқаддас бурчни бажаришга отланган юз нафардан ортиқ йигитларни муддатли ҳарбий хизматга кузатув маросими бўлиб ўтди.

Унда Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар Ватанни ҳимоя қилишдек муқаддас ва шарафли бурчни бажаришга шай турган ўғлонларга букилмас ирода, сўнмас матонат ва куч-ғайрат тилади.

Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати ЎзАга хабар берди.

Шундан кейин ўғлонларга Қорақалпоғистон Республикаси ҳарбий-маъмурий сектори томонидан ювиниш анжомлари ва шахсий гигиена воситалари жамланмаси тарқатилди. Чақирилувчилар учун байрамона дастурхон ёзилиб, миллий таомлар тортиқ этилди.

Барча синовлардан ўтиб, маънан ва жисмонан соғлом эканлигини исботлаган йигитлар биринчилар қаторида Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига, яъни юртимизнинг Жанубий сарҳадларини ҳимоя қилишга йўл олди.

Нукус темир йўл вокзалида саф тортган ўғлонларга Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов шарафли ва муқаддас вазифани бажаришда муваффақиятлар тилади. Мамлакатимиз чегара сарҳадларини ишончли ҳимоя қилишга ваъда берган ўғлонлар ҳарбий хизматни ўташ учун темир йўл орқали жўнаб кетишди.