Пойтахтимиздаги Халқаро конгресс марказида 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанли тадбир давом этмоқда.

Ҳозирги кунда муҳтарама аёлларимизнинг барча соҳа ва тармоқлардаги ўрни ва таъсири янада ортиб бормоқда. Бунинг тасдиғини республикамиздаги меҳнат билан банд аҳолининг 45 фоизини хотин-қизлар ташкил этаётганида ҳам яққол кўриш мумкин. Аёлларимиз орасида таниқли давлат ва жамоат арбоблари, жумладан, Сенат Раиси, ўнлаб сенатор ва депутатлар, вазир ва ҳокимлар, Ўзбекистон Қаҳрамонлари, академиклар, профессорлар, Ўзбекистон халқ шоирлари, Халқ ўқитувчилари, Халқ артистлари, нодавлат ташкилотларнинг фаол намояндалари борлиги барчамизни қувонтиради.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 32 фоизини, Сенат аъзоларининг эса 23 фоизини аёллар ташкил этмоқда. Маҳаллий кенгашларда эса бу рақам 25 фоиздан иборат.

Ҳозирги вақтда мамлакатимиз бошқарув тизимида аёлларнинг улуши 33 фоизга етган бўлиб, 1 минг 500 га яқин хотин-қизлар турли даражадаги раҳбарлик лавозимларида ишламоқда. Хусусан, ташкилотчи ва ташаббускор опа-сингилларимиз 6 та туманда ҳоким вазифасида бўлиб, ҳудудларда биринчи раҳбар ўринбосари лавозимларида самарали фаолият кўрсатаётган, катта корхоналар, банклар ва компанияларни бошқараётган юзлаб латофат эгалари ҳам бор. Ана шундай катта салоҳиятни келгусида янада ошириш, давлат ва жамият бошқарувида хотин-қизлар иштирокини кучайтириш мақсадида 6 мингдан зиёд фаол хотин-қизлардан иборат кадрлар захираси шакллантирилди. Ҳозирги кунда уларни турли раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш бўйича тизимли ўқувлар ташкил этилмоқда.

– Бундай замонавий билим ва истеъдодга, раҳбарлик, етакчилик қобилиятига эга, эл-юртимиз учун фидойи хотин-қизларимиз – халқимиз, миллатимизнинг олтин фонди, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди. Ана шундай беқиёс кучга таяниб, янги Ўзбекистонни, мамлакатимиз тараққиётининг олтин даврини яратиш – бизнинг олий мақсадимиздир, – деди Президент.

З.Жонибеков, ЎзА