Пойтахтимиздаги Халқаро конгресс марказида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтмоқда.

Муҳташам кошонага Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ташриф буюрган, жамият ҳаётининг барча жабҳасида фидокорона меҳнат қилаётган аёллар, Зулфияхоним қизлари ва меҳмонларни гуллар билан кутиб олган йигитлар залга кузатиб қўди. Улар орасида мамлакатимизда фаолият юритаётган чет эллик дипломат аёллар, халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакиллари ҳам бор.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз хотин-қизларини байрам билан муборакбод этиб нутқ сўзламоқда.

– Инсон ҳаёти ва жамият ривожида муқаддас Она зоти, мунис аёлларимизнинг ўрни ва аҳамияти беқиёс эканини оддий сўзлар билан ифода этиш ниҳоятда қийин бир вазифа. Мана шундай пайтда Сиз, азизларнинг шаънингизга мадҳиялар айтиш учун одам шоир бўлиб туғилмаганига беихтиёр афсусланиб қолади, – деди давлатимиз раҳбари.

З.Жонибеков, ЎзА