Бугунги кунда Ўзбекистон аҳолисининг қарийб ярмини, яъни 17 миллионга яқинини хотин-қизлар ташкил этади. Мамлакатимизда оила ташвишларидан ортиб, эркаклар билан тенгма-тенг ишлаётган, ўз ташаббуслари, орзу-умидларини рўёбга чиқариш учун туну кун меҳнат қилиб ўрнак бўлаётган хотин-қизларимиз кўп.
Президент барча аёлларга ҳам жамиятда ўрнини топиши учун муносиб шароит, имконият яратиб берилмаётгани, уларнинг муаммолари ҳал бўлмаётганини таъкидлади.
Мисол учун, ўтган икки йилда 116 мингга яқин аёл тадбиркорлик фаолиятини тўхтатган. Бундан ташқари, қишлоқ жойларда, олис ва чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган хотин-қизларга кўрсатилаётган тиббий хизматлар талаб даражасида эмас.
Оиладаги келишмовчиликлар сабабли ажримлар сони ҳам юқорилигича қолмоқда. Жумладан, Қашқадарёда – 2 минг, Хоразмда – 1,1 минг, биргина Ромитон туманида – 110 та ажрим қайд этилган.
Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва манзилли ишлаш мақсадида ўтган йили мутлақо янги тизим – “аёллар дафтари” жорий этилди.
Йиғилишда Президент бундан буён ҳар бир раҳбарнинг фаолиятига “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” бўйича ишларни бажарган-бажармаганига қараб баҳо берилишини таъкидлади.
– Назорат жуда кучли ва қаттиқ бўлади. “Ёшлар” ва “Аёллар” дафтарлари бўйича ишни тўғри ташкил этмаган раҳбарларга худди Фарғона ва Наманган вилоятларида бўлгани каби кескин чора кўрилади, – деди Шавкат Мирзиёев.
ЎзА