Оролбўйида бешта муҳим ташаббус доирасида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, истеъдодли ёшларни аниқлаш, уларни қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, Ёшлар ишлари агентлиги, Халқ таълими, Маданият вазирлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ёшлар ўртасида турли ижодий танловлар, спорт мусобақалари, фестиваль ва маданий тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Ушбу хайрли тадбирда Қорақалпоғистон Республикасидаги театр жамоалари ҳам яхши ташаббус кўрсатмоқда. Айниқса, Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театри ижодкорлари ёшларни ўз репертуаридаги спектакль ҳамда пьесалари билан хушнуд этмоқда.
Куни кеча театрга ташриф буюрган Нукус шаҳридаги Президент мактаби ўқувчилари Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси А.Султонов драмаси асосида саҳналаштирилган “Ватан тупроғи” номли спетаклни катта қизиқиш билан томоша қилди.
Спектаклда қорақалпоқ халқининг суюкли фарзанди, давлат арбоби Аллаёр Досназаровнинг ҳаёти ва унинг юрт учун қилган хизматлари акс эттирилган.
Мазкур саҳна асари ёшларни ўтган XX аср бошларида тарихда юз берган воқеалар билан яқиндан таништириб, уларнинг тарихий билимини оширишга хизмат қилишиши билан аҳамиятли.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА