Айни пайтда барпо этилаётган “Uzbekneftеgaz GTL” заводидаги қурилмаларни босқичма-босқич ишга тушириш жараёнлари амалга оширилмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан ушбу заводда келгусида ишлаб чиқарилиши режалаштирилаётган углеводород маҳсулотларини транспортировка қилиш, сақлаш ва реализациясини амалга ошириш юзасидан қатор тадбирлар олиб борилмоқда.
Нефтни қайта ишлаш, нефткимё, нефть маҳсулотларини сақлаш ва транспортировка қилиш департаменти бошчилигида жамият тасарруфдаги тегишли ташкилотлар мутахассислари иштирокида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сиғимларга қабул қилиш, сақлаш ва истеъмолчиларга сотиш ва юклаш ҳамда жараёнларда уларнинг сифат кўрсаткичларини таъминлашни режалаштириб олиш бўйича заводга сайёр учрашувлар ташкил этилмоқда.
Ана шундай учрашувлардан навбатдагиси Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, «UNG Petro» МЧЖ ҳамда жамият тасарруфидаги барча нефть базаларининг мутахассислари иштирокида ўтказилди.
Бундай учрашувларни ташкил этишдан мақсад жамиятдаги турдош ташкилотлар мутахассисларининг синтетик ёқилғи ишлаб чиқариш жараёнлари, уларни сақлаш, юклаш ва сифатини таъминлаш борасидаги тушунчаларини такомиллаштириш, ўзаро тажриба алмашишни таъминлашдан иборат.
Учрашув доирасида иштирокчилар заводдаги технологик жараёнлар ва қурилмалар, замонавий бошқариш пульт маркази, талабларга мос тарзда жиҳозланган лабораториялар, ярим тайёр ва товар маҳсулотларини сақлаш парки, маҳсулотларни ортиш темир йўл эстакадаларида бўлди.
Унда “Шўртангазкимё” мажмуасининг тозаланган метанидан суюлтирилган синтетик ёнилғи ишлаб чиқариш ва товар сиғимларига узатиш жараёнлари, ишлаб чиқарилиши режалаштирилаётган маҳсулотларнинг техник таснифлари, уларнинг ўзига хос хусусиятлари, солиштирма жадваллар бўйича тақдимотлар ўтказилди. Маҳсулотларни истеъмолчилар эҳтиёжлари учун юклаш, қабул қилиш, сақлаш ва сотиш механизмлари, қайд этилган жараёнларда маҳсулот сифатини таъминлаш каби масалалага эътибор қаратилди.
Лойиҳа доирасида маркетинг ва тарғибот ишлари, нефть базаларда, АЁҚШларда синтетик дизель ёнилғисини алоҳида қабул қилиш, сақлаш, юклаш (қуйиш) техник тизмини тайёрлаш, сиғимларни тозалаш, ювиш ва буғлаш ишларини бажариш масалалари муҳокама қилинди.
Нефть базалар кесимида синтетик дизель ёнилғисини сақлаш имкониятлари (миқдори) тўғрисидаги маълумотларни “Uzbekneftegaz GTL” МЧЖ тақдим қилиш, ёнилғини сақлаш, юклаш, ташиш ва қабул қилишда табиий йўқотиш меъёрларини ишлаб чиқиш масаласи кўриб чиқилди.
Томонлар Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида синтетик керосин сақлашга мўлжалланган 5 000 куб метр ҳажмдаги иккита сиғимни ўз вақтида ишга туширилиши юзасида маълумот берди.
Синтетик керосинни “Бухоро НҚИЗ” МЧЖда ишлаб чиқариладиган “Джет А-1” авиакеросинига қўшиб товар авиакеросини ҳуқуқий-меъёрий жиҳатдан ишлаб чиқаришни таъминлаш мақсадида “Uzbekneftegaz GTL” МЧЖ, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, авиапарвоз ташкилотлари мутасаддилари билан иш олиб бориш масалалари бўйича мутахассислар ўзаро фикр алмашди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати