Ушбу илова расмий веб-сайт фойдаланувчиларига қўшимча қулайлик яратиб, Марказий банкининг барча ахборот ва интерактив хизматларини қулай форматда тақдим этади.

Мобиль иловада асосий пул кўрсаткичлари ҳақидаги янгилик ва маълумотлардан ташқари, валюта курсини сана бўйича саралаш функцияси ёрдамида осонгина топиш мумкин. Шунингдек, унда географик харитада жойлашуви кўрсатилган банк инфратузилмаси объектларининг интерактив харитаси мавжуд.

Модул юборилган локация (манзил) бўйича энг яқин жойлашган кредит ташкилотлари ва уларнинг филиалларини, валюта айирбошлаш шохобчалари, банкоматлар, шу жумладан, куну тун ишлайдиган кўп функцияли ўз-ўзига хизмат кўрсатиш пунктларини топиш ва фойдаланувчи жойлашган жойдан танланган объектгача бўлган масофани аниқлаш имконини беради. Унда манзил, иш вақти, телефон рақамлар ва фотосуратлар акс этади.

Марказий банк матбуот хизматидан маълум қилишларича, илова орқали жисмоний ва юридик шахслар мурожаат йўллашлари, банкларда учраётган муаммоларни ҳал этиш учун ўз шикоятларини жойлаштириши, шу билан бирга, юборилган мурожаатларнинг қай ҳолатда эканлигини кузатиш мумкин.

Қайд этиш керакки, илованинг яна бир афзаллиги push-xabar хизматининг мавжудлигидир. Бу хизмат янги ахборот материаллари ва валюта курсидаги ўзгаришлар тўғрисида автоматик равишда хабар бериб туради. Илова созламаларида ихтиёрий равишда барча хабарномаларни ўчириб қўйиш ёки фақат керакли маълумотлар хабарини ёқиш мумкин.

Мобиль илова фойдаланувчиларнинг барча эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда яратилиб, ўзбек (кирилл ва лотин), рус ва инглиз тилларида юритилади.