Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясининг ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги барча умумтаълим мактабларининг 6-11-синф ўқувчилари ўртасида “Биз коррупцияга қаршимиз!” мавзусида иншолар танловининг биринчи саралаш босқичи ўтказилмоқда.

Партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши Матбуот хизмати ЎзА мухбирига маълум қилишича, жорий йилнинг февраль ойидан март ойига қадар уч босқичда ўтказилиши режалаштирилган ушбу танловнинг асосий мақсади, мактаб ўқувчиларининг ҳуқуқий билими ва маданиятини янада ошириш орқали уларнинг онгида коррупцияга қарши курашиш иммунитетини пайдо этишдир.

 

 

Мазкур танлов давлатимиз раҳбарининг ўтган йилги Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида илгари сурилган ғоялар ва партия сайловолди дастурида белгилаб қўйилган вазифалар билан чамбарчас боғлиқ эканлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

Шундай танлов Нукус шаҳридаги 17-сонли умумтаълим мактаби ўқувчилари ўртасида ҳам ўтказилди. Тадбирда юз нафарга яқин мактаб ўқувчиси иштирок этиш истагини билдирди. Юқори савияда ташкил этилган танловда энг яхши иншолар адолатли равишда саралаб олинди.

 

 Довуд Абибуллаев, ЎзА