Фуқаро А.Қ. ҳуқуқ-тартибот идораларига ариза билан мурожаат қилиб таниши уни ишга жойлаштириб қўйиш эвазига 4500 АҚШ доллари талаб қилаётганини маълум қилган.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, ДХХ Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси ИИВ ўз хавфсизлиги бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида таъмагирлик қилаётган фуқаро ушланди.
Бу ҳақда департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси матбуот хизмати ЎзА мухбирига маълум қилди.
Фуқаро А.А. ариза эгасининг ишончига кириб, танишлари орқали ички ишлар органига ишга жойлаштириб беришини ваъда қилган. У 2021 йил 12 февраль куни тахминан соат 15:10 лар атрофида Нукус шаҳридаги маҳалла йиғинларининг бирида ариза муаллифидан 4500 АҚШ долларини олаётган вақтида ушланди. Ундан кимёвий ишлов берилган 4500 АҚШ доллари ашёвий далил тариқасида олинди.
Мазкур холат юзасидан фуқаро А.А.га нисбатан департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА