МУНОСАБАТ
Шу кунларда бутун мамлакатимиз аҳолисининг эътибори 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг мазмун-моҳияти, унда белгиланган долзарб вазифаларга қаратилган. Бундай ҳолат одамларнинг онг ва тафаккури юқори бўлган ҳар қандай жамият учун табиийдир.
Дастур лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилиб, 2 мингдан зиёд таклифлар, фикр-мулоҳазалар олинганлиги, улар асосида қайта ишланиб, янада бойитилганлиги ҳам халқимизнинг ижтимоий сиёсий фаоллиги ошиб, муҳим давлат даражасидаги қарорларни қабул қилишдаги роли ва иштироки ортиб бораётганидан далолат беради.
Ушбу такомиллашган Давлат дастури Президентимизнинг жорий йил 3 февралдаги фармонига мувофиқ қабул қилинди. Унда 273 та банд бор. Уларнинг барчаси иқтисодни, саноатни, қишлоқ хўжалигини, суд-ҳуқуқ тизимини, ижтимоий соҳаларни ривожлантириш орқали энг аввало аҳолининг турмуш фаровонлигини таъминлашга қаратилган. Айниқса, дастурда ижтимоий соҳада амалга оширилиши назарда тутилаётган ўзгариш ва янгиланишлар ҳар бир оиланинг, ҳар бир инсоннинг, ҳар бир она ва боланинг, хотин-қизларнинг манфаатларига бевосита дахлдордир.
Оила жамиятнинг бир бўғини экан, жамиятдаги ҳар қандай янгилик, яхшилик, ислоҳот энг аввало оилага ўз таъсирини кўрсатади. Давлат дастуридаги вазифаларга бир эътибор қаратсак бунга амин бўламиз.
Унда 500 минг нафар ёшлар ва 200 минг аёлларни иш билан таъминлаш ҳамда 300 минг аҳолини камбағалликдан чиқариш кўзда тутилган. Иқтисодиётни ривожлантириш бўйича 113 та чора-тадбир белгиланган бўлса, бунда энг катта эътибор янги иш ўринлари ташкил этишга қаратилган. Демак, бу жамиятимиздаги асосий муаммолардан бири бўлган бандлик масаласини ҳал қилишга хизмат қилади. Оиланинг ҳар бир аъзоси ишли бўлиши эса, оила даромади ошишининг муҳим омилидир.
Шунингдек, ўз фаолиятини бошламоқчи бўлганларга 7 миллион сўмгача субсидия, касбга ўқимоқчи бўлган эҳтиёжманд аҳолига 1 миллион сўмдан компенсация берилиши кўзда тутилмоқда.
Бу орқали биринчи ярим йилликда 10 минг нафар, йил якунигача жами 20 минг нафар аҳолини иш билан таъминлаш мумкин.
Деҳқончилик билан шуғулланишни истаган ёшларга 10 сотихдан 1 гектаргача ер ажратиш ишлари эса бошланган.
Оилавий тадбиркорлик учун 6 триллион сўмлик кредит маблағларини ажратиш назарда тутилаётгани ҳар бир оиланинг ўз тадбиркорлигини бошлаш орқали фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
Давлат дастурида белгиланган бунёдкорлик ишлари кўлами ҳам жуда кенг. Жумладан, йил якунига қадар 10 минг километрдан ортиқ ички ва қишлоқ йўлларини таъмирлаш, 15 минг километр электр тармоқлари ҳамда 4 мингта трансформаторни янгилаш, 700 дан ортиқ аҳоли пунктига тоза ичимлик суви етказиш вазифаси белгиланган. Шаҳарларда 21 мингта, қишлоқларда 8 минг 800 та уй-жойлар барпо қилиш режалаштирилган.
Бу эса ички йўлларимиз равон бўлади, электр энергияси узилишлари бартараф этилади, одамлар тоза ичимлик суви билан таъминланади, муҳтож инсонлар янги уй-жойларга эга бўлади деганидир.
Давлат дастурида айнан аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, тиббиёт, таълим ҳамда бошқа гуманитар соҳаларни ривожлантиришга қаратилган 93 та банд бор.
Айниқса, болаларни қўллаб-қувватлаш фондини ташкил этиб, унга бюджетдан 100 миллиард сўм ажратилаётгани, жорий йил 1 сентябрга қадар меҳрибонлик уйларининг муҳтож битирувчиларини уй-жой билан таъминлаш масалалари нақадар аҳамиятли эканини барчамиз биламиз.
Шу йил 1 июндан бошлаб, пенсия тайинлашда 2005 йилдан аввалги йиллар учун иш стажини шахснинг меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар асосида, тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан ҳисоблаш тартиби жорий этилмоқда. Бунинг натижасида, йил якунига қадар 100 минг, келгуси йилда яна 200 минг фуқаро ортиқча сарсон бўлмай пенсия олиш имкониятига эга бўлади.
– Давлат дастуридан асосий мақсад қоғоз ёки ҳисобот эмас, балки амалий натижаларга эришиш, одамлар ҳаётида ижобий ўзгаришлар қилиш. Бунинг учун ҳар бир раҳбар ўз фаолиятида натижа кўрсатиши зарур ва шарт, – дея таъкидлади Президентимиз 10 февраль куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида.
Албатта, бу ижро ҳокимияти билан биргаликда халқ вакиллари жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, туман-шаҳар депутатларига ҳам катта масъулият юклайди.
Хусусан, энг аввало, мазкур Давлат дастурининг мазмун-моҳиятини, унда одамларнинг, ҳар бир оиланинг манфаати мужассам эканини кенг аҳоли қатламлари орасида тушунтиришимиз лозим. Чунки, дунёнинг кўп мамлакатлари пандемия шароитида иқтисодий инқирозга учраб, ижтимоий масалаларга иккинчи даражада қараётган бир пайтда бизнинг мамлакатимизда айнан шу дастурдаги чора-тадбирларни бажариш учун қарийб 30 триллион сўм, 2 миллиард 600 миллион АҚШ доллари ва 57 миллион евродан зиёд маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, жойлардаги ижтимоий муаммоларни ҳал этишга оид тадбиркорлик ташаббусларини, айниқса, ёшлар ва аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият беришимиз лозим.
Кам таъминланган аҳоли қатламига давлат бюджетидан ажратиладиган моддий ёрдам пуллари (болалик нафақаси) ни фақат қонунан ҳақли бўлган фуқарога ёки оилаларга тайинланишини назоратга олиш, шу мақсадда, бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши устидан қатъий депутатлик ва жамоатчилик назоратини олиб бориш бугунги куннинг талабидир.
Камбағалликни камайтириш, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш борасидаги ишларни тизимли ташкил этиш ва уни маҳалла даражасига тушириш мақсадида, «Маҳаллабай» ишлаш бўйича янги тизимни фаол қўллаб-қувватлашда иштирок этишимиз зарур.
Мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботларини депутатлик гуруҳлари, комиссиялар йиғилишлари ва сессияларда эшитиб бориш, депутатлик сўрови институтидан самарали фойдаланиш Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг тўлақонли ижросини таъминлашга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур йўналишдаги ишларда нафақат ижро органлари балки, нодавлат нотижорат ташкилотлари, халқ вакиллари бўлган депутатлар, барчамизнинг ҳиссамиз бўлиши керак. Зеро, юрт тараққиётига, халқимиз фаровонлигига дахлдор бўлган ҳар бир масала учун барчамиз масъулмиз.
Назира Матякубова,
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги