Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ўн бешинчи сессияси бўлиб ўтди.
Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари, секторлар, тегишли соҳа раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Сессияни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари А.Давлетов бошқариб борди.
Кун тартибида дастлаб “Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонун лойиҳаси тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди. Бу бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси З.Реимова маъруза қилди.
Ббугунги кунда юртимизда одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларни ҳимоя қилиш, ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш бўйича самарали ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони суд-ҳуқуқ тизими соҳасидаги давлат сиёсатини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш, суд ҳокимиятининг том маънода мустақиллигини таъминлашда ҳуқуқий асосдир. Мазкур ҳужжат фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, одил судловга эришиш даражасини оширишга қаратилган асосий йўналишларини белгилаб беришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ушбу фармонда белгиланган вазифалар фуқароларнинг судма суд сарсон бўлиб юришини бартараф этиш, уларнинг муаммоларини бир жойда ҳал этиш, суд тизимини бошқариш масалаларини такомиллаштириш, шунингдек, судларнинг ташкилий-молиявий ва моддий-техник таъминотини яхшилаш имкониятини бермоқда. Албатта, бу ўзгаришлар суд мустақиллиги, қонун устуворлиги ва одил судлов самарадорлиги бўйича халқаро рейтингларда мамлакатимиз нуфузини оширишга хизмат қилади.
Маърузачи Қорқалпоғистон Республикаси Конституциясига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида батафсил тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг, “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури ижросини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 февралдаги “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Давлат дастури ижросини самарали ташкил этиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари ривожланишдан ортда қолган туман ва оғир шароитдаги фуқаролар йиғинларида йўллар, ичимлик суви ва электр таъминоти, ирригация тармоғини яхшилаш, тиббиёт ва таълим тизимидаги ислоҳотларни энг узоқ қишлоқларгача етказиш шартлигини қайд этди. Шу билан бирга ёшлар ва аёлларни иш билан таъминлаш, аҳолини камбағалликдан чиқариш, деҳқончилик билан шуғулланиш истагини билдирган ёшларга 1 гектаргача ер ажратиш, ҳудудлардаги йирик зиёрат объектлари атрофини ободонлаштириш ва инфратузулмасини яхшилаш бўйича вазифаларни таъкидлаб ўтди. Шунингдек, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини жойлардаги “ўсиш нуқтаси”дан келиб чиқиб шакллантириш ва маҳаллий Кенгашларга киритиш, маданият марказлари, музейлар ва театр биноларини таъмирлаш ва жиҳозлаш, коммунал хизматлар тизимини янада яхшилаш, кўп қаватли уй-жой фондини ва лифтларни таъмирлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
Шунингдек “Аёллар дафтари” бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан амалга оширилган ишлар ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 январдаги “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида белгиланган вазифаларни 2020 йилда амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг Қорақалпоғистон Республикасида бажарилиши каби масалалар кўриб чиқилди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан сессияда тегишли қарорлар қабул қилинди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА