Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига маълум қилди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округга қарашли Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказида фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатини ўтаб бўлган ёшларни ўз жойларига ташиш тадбирларини тўғри ва сифатли ташкил этиш бўйича йиғилиш бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Ҳарбий ҳаракатлар бошқармаси бошлиғи полковник Акбар Собиров раҳбарлигида ўтган йиғилишда Мудофаа ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги Қоровул ва Халқаро аэропортлар хавфсизлигини таъминлаш қўшинлари қўмондонлиги, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти вакиллари иштирок этди.

 

 

Президентимизнинг жорий йил 11 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатини ўтаб бўлган муддатли ҳарбий хизматчиларни қуролли кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарорига асосан, чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этилиш ҳуқуқига эга бўлмаган чақирув ёшидаги фуқароларни шу йилнинг март-апрель ойларида муддатли ҳарбий хизматга чақирилиши белгиланган. Ҳарбий хизматни ўтаган ва янги аскарларни жойларга ташиш айнан темир йўл ва автомобиль транспортлари орқали амалга оширилиши боис, ҳарбий ташиш режаларини пухта ишлаб чиқиш ҳамда барча куч тузилмалари билан ҳамкорликни амалга ошириш ўта муҳим ва масъулиятли вазифа ҳисобланади.

Йиғилиш давомида мутахассислар томонидан ушбу тадбирларни пухта режалаштириш ҳамда ўтказиш бўйича йўл-йўриқлар ҳамда ҳарбий командаларни темир йўл ва автомобиль транспортлари орқали бир жойдан иккинчи жойга кўчиришни сифатли ташкил этиш бўйича тегишли тавсиялар бериб ўтилди.