Ўзбекистон Республикаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, Нукус ҳарбий прокуратураси, Қорақалпоғистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда Нукус шаҳридаги Президент мактабида “Прокурор ва ёшлар” учрашуви ва “Ёшлар прокурор билан бир кун” номли тадбир ўтказилди.
Учрашув давомида Нукус ҳарбий прокурори адлия полковниги Фахриддин Бегашевнинг томонидан ёшлар билан “Прокурор соати” ўтказилиб, унда Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида белгилаб берилган вазифалари ижроси ҳамда 2021 йил “Ёшларни қўллаб қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилингани муносабати билан ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар хусусидаги маърузаси тингланди.
Ҳарбий прокуратура томонидан Президент мактаби ўқувчи ёшларига бадиий китоблар ва гиёҳвандликнинг олдини олишга қаратилган буклетлар тарқатилиб, видеороликлар намойиш этилди.
Тадбирнинг иккинчи қисми Маънавият ва маърифат марказида бўлиб ўтди. Саёҳатга келган меҳмонлар ҳарбий оркестр мусиқа садолари остида қарши олинди. Яқиндагина капитал таъмирдан чиқиб, муҳташам кўриниш касб этган Маънавият ва маърифат марказига келган ўқувчи ёшлар округ тарихи ҳақида сўзловчи ҳарбий округ музейи билан танишишди. Айниқса, музей экспозициясидан ўрин олган Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти тарихи, маданияти ва санъатини ўзида жамлаган экспонатлар ёшларда она Ватанга муҳаббат, фахр-ифтихор туйғуларини уйғотди. “Карвон йўлларига туташ саҳро” номли деворий барельеф ҳам ўқувчилар эътиборидан четда қолмади.
Экскурсия давомида ёшларга охирги йилларда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинларида амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишларини ўзида акс эттирган видеолавҳалар намойиш қилинди.
Шундан сўнг, Президент мактаби ўқувчи ёшлари Нукус шаҳридаги “Ёш томошабинлар театри”да ташкиллаштирилган спекталь дастурини томоша қилишди.
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ
матбуот хизмати