Орол денгизида омон қолган ягона жонзот – артемия тухум (циста)ларининг бозори чаққон бўлмоқда. Хусусан, хорижий давлатларда ушбу маҳсулотга қизиқиш ортмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни мухофаза қилиш қўмитаси бош мутахассиси А.Якубовнинг берган маълумотига кўра, ўтган йилда артемия цистаси экспорти 4,2 баробарга ошган. Масалан, 2018 йилда 568,6 тонна артемия цисталари 1 миллион 807 минг 100 АҚШ доллари, 2019 йилда 662 тоннаси 2 миллион 85 минг АҚШ долларига экспорт қилинган. Тадбиркорлар томонидан 2020 йилда 2 минг 148 тонна артемия цисталари 8 миллион 756 минг 800 АҚШ долларига экспорт қилинган. Асосий харидорлар Хитой, Россия ва Вьетнам давлатларидир.
Орол денгизи акваторияси қирғоғидан артемия цисталарини йиғиш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари сони йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Энг дастлаб, яъни 2009 йилда Оролда артемия овлайдиган битта корхона фаолият юритган. 2018 йилда уларнинг сони 23 тага етди, 2020 йилда эса 40 дан ортиқ тадбиркор шуғулланди.
Артемия цистаси экспорти ортидан Мўйноқ туманида доимий ва мавсумий иш ўринлари яратилмоқда. Тасдиқланган квоталарнинг реализацияси натижасида Давлат бюджети тушуми ортиб, Мўйноқ туманининг экспорт салоҳияти ҳам йил сайин ортмоқда.
Артемия цистасини овлашга тадбиркорларга квотани Экология қўмитаси беради. Айни пайтда 1 кг артемия цистаси нархи – 24 минг 500 сўм (базавий ҳисоблаш миқдорига нисбатан 0,1 коэффициент). 2018 йилда 1 минг 146,7 тонна артемия цисталарини йиғиб олиш учун 23 та тадбиркорлик субъектига 10 миллиард 44 миллион сўм, 2019 йилда 40 та тадбиркорга 1 минг 741 тоннаси учун 19 миллиард 187 миллион 133 минг сўм, 2020 йилда 2000 тоннаси учун 22 миллиард 300 миллион сўм тўлов эвазига рухсатномалар берилган. Ушбу пулларнинг 60 фоизи табиатни муҳофаза қилиш тадбирларига сарфланадиган маҳаллий (Мўйноқ тумани) бюджетга, 40 фоизи Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг махсус ҳисоб рақамига тушади.
Артемия қандай жонзот?
Артемия – Орол денгизида омон қолган ягона зоопланктондир. Унинг бўйи 15 мм бўлиб, 1 ойдан 6 ойгача яшаши мумкин. Ўртача 30 кун ичида эса тухум қўйиш қобилиятига эга бўлади.
Артемия асосан сентябрь-март ойларида овланади. Аслида артемиянинг ўзини эмас, унинг қўйган тухуми (циста) йиғиб олинади. Артемия сувнинг тузлилик миқдори 10 граммдан 300 граммгача бўлган шўр сувда яшайди. Лекин, кўрсаткич 300 граммдан ортиб кетса нобуд бўлади. Айни пайтда Орол денгизи сувида тузлилик 180 граммни ташкил қилади. Бу артемия учун жуда қулай миқдор.
Артемиянинг Орол денгизида фаол ривожланишига сабаб, у денгизда фақат битта ўзи яшайди. Денгизда уни ейдиган бошқа жонзот йўқ. Балиқлар денгизларда тузлилик миқдори 70 граммгача яшаши мумкин. Артемия асосан, балиқнинг озуқасидир. Орол денгизида ҳам барча балиқлар қирилиб кетгандан кейин артемиялар фаол ривожлана бошлаган.
Артемияларнинг ўзи эса ҳарорат +7 градусдан пастга тушганда қирилиб кетади. Фақат уларнинг тухумлари яшаб қолади. Куз-қиш ойларида артемия тухумининг қобиғи табиий равишда қалин бўлади. Йиғиб олиш ҳам совуқ кунларда ўтказилади. Чунки, қалин қобиқли тухумларни қайта ишлаш, сақлаш мумкин.
Битта артемия 15-150 донагача тухум қўйиши мумкин. Бу албатта, унинг озуқасига боғлиқ. У асосан фитопланктонлар билан озиқланади.
Артемия тухумларини йиғиш учун квота 16 июндан 31 март оралиғига берилади. 1 апрелдан 15 июнгача артемияни овлаш қонунан тақиқланган. Сабаби, бу пайтда тухум ёрилиб, артемиялар кўпаяди. Кун илиши билан, баҳор ойларида булар ҳам кўз ёради.
Артемия тухумлари сувнинг юзасига чиққандан кейин қуёшнинг қиздириши билан ёрилади, агар, сув тагига чўкиб кетса, салқин жойда йил бўйи сақланиши мумкин.
Е.Қаноатов, ЎзА