“Обод маҳалла” давлат дастурининг юртимизга татбиқ этилиши, олис ҳудудлардаги овулларнинг инфраструктураси, шаҳарсозлик кўринишлари, халқнинг турмуш тарзи ҳам яхшиланишига асос бўлди. Бу йил Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманидаги «Отаюрт» овул фуқаролар йиғини “Обод маҳалла” дастурига киритилди.

Туман ҳокимлиги ахборот хизматининг ЎзА мухбирига маълум қилишича, бу ташаббус билан тенг равишда овулда тозалаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари бошлаб юборилди.

– Ҳудудимизда 2100 хонадонда 12 минг аҳоли истиқомат қилиб, аксарияти туркман, қолгани қорақалпоқ, ўзбек, қозоқ миллатига мансуб халқимиз дўст-иноқ бўлиб яшаб келмоқда, – деди «Отаюрт» овул фуқаролар йиғини раиси Даврон Мурзаев.

– Овулнинг ёшу қариси дастурнинг амалга оширилишига ўз ҳиссасини қўшишга бел боғлаган. Ҳозир ҳудудда тўртта мактаб фаолият юритаётган бўлса, биттаси капитал таъмирланмоқда. 70-сонли мактаб янгидан қурилиб, ишга туширилди. 2020 йилда 140 ўринли болалар боғчаси капитал таъмирдан чиқарилди.

Дастур давомида яна юз ўринли боғча қурилиши режалаштирилмоқда. Шу билан бирга, ичимлик суви, электр энергиясидаги муаммолар ўрганилиб, таклифлар берилди. Эскирган электр линияларини таъмирлаш, симларни янгисига алмаштириш, бетон устунлар қўйиш, ГРПлар таъмири, янги трансформаторларни ўрнатиш бўйича таклифлар инобатга олинди ва бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Бошланаётган хайрли ишлар олдидан бу ерга ташриф буюрган вакиллар, овулдаги ёши улуғлар ва кенг жамоатчилик вакиллари яхши ниятларини билдирди. Фавқулодда вазиятлар бўлими масъуллари фуқароларга ўз йўналишлари бўйича тарғибот ишларини олиб борган бўлса, Давлат хизматлари маркази томонидан фуқароларимизга кўчма хизматлар ҳам кўрсатилди.

Йўлсозлар томонидан ички тупроқли йўллар текисланиб, шағал ётқизилиши бошланди.

– Ушбу ҳудудда жами 16,0 километр йўл ишланиши белгиланган, – дейди Тўрткўл туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси бошлиғи Марат Гудурсинбаев. 

– Жумладан, Давлат дастурига ички хўжалик йўлидан жами 8 километр жой киритилган бўлиб, шундан 1400 метр йўл асфальт, 6 минг 600 метр йўлга қум шағал аралашмаси ётқизиш режалаштирилган. 4Н-102 автомобиль йўлининг 4 километри, 4Н-5 автомобиль йўлининг ҳам 4 километри режада белгиланган. Шу билан бирга, яна иккита кўприк ҳам таъмирланиши кераклиги қайд этилган.

Ҳудуддаги йўл четлари, бинолар ва фуқароларнинг яшаш ҳудудлари атрофи тозаланиб, ахлатлар ташиб чиқарилди. Ариқ-зовурлар махсус машиналарда тозаланмоқда. Ушбу овул табиий газ билан таъминланмаганлиги сабабли, фуқароларга суюлтирилган газ ўз вақтида етказиб берилмоқда. Бугун нафақат ушбу ҳудудда, балки бутун туманда ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, ёнғиндан сақлаш бўйича фуқароларнинг хонадонларига бориб, ёнғин хавфсизлиги бўйича тушунтириш ишлари юргизиляпти.

Ижтимоий объектларда туман маҳаллий бюджети ҳисобидан, 9-сонли умумтаълим мактабида қайта реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилида ёшларни иш билан таъминлаш, уларни тадбиркорликка ўргатиш бўйича манзилли ишлар режаси ишлаб чиқилди.

Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш юзасидан ишлар кўлами анча кенгайган. Аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилиб, тегишли тартибда соғломлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Ҳудудда 2 та болалар боғчаси, 2 та умумтаълим мактаби, кичик саноат зонаси, кексалар чойхонаси, иссиқхона, мебель цехи қурилиши режалаштирилмоқда.

 

Довуд Абибуллаев,  ЎзА