Ўзбекистон Республикаси Президентининг ф а р м о н и

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 октябрдаги “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–6096-сон Фармонига мувофиқ ҳамда иқтисодиётга хусусий инвестицияларни жалб қилишни жадаллаштириш мақсадида:

1. Халқаро консалтинг, аудиторлик ва инвестиция маслаҳатчилари, инвестиция банклари ва бошқа ихтисослашган компанияларни (кейинги ўринларда – профессионал ташкилотлар) жалб этган ҳолда давлат активларини хусусийлаштиришнинг замонавий усулларини жорий этиш амалиёти бошланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ мазкур Фармоннинг 1 ва 2-иловаларида кўрсатилган давлат активларини оммавий савдоларга қўйишда ва уларни сотиш жараёнларини ташкил этишда:

профессионал ташкилотларни жалб этиш Давлат активларини бошқариш агентлиги ёки “UzAssets” инвестиция компанияси томонидан энг яхши таклифларни танлаб олиш асосида амалга оширилади. Бунда, улар билан тузиладиган шартномаларни экспертизадан ўтказиш талаб этилмайди;

профессионал ташкилотлар томонидан давлат активларини сотиш мақсадида аниқланган қиймат ёки қийматлар оралиғи (баҳолаш фаолиятининг миллий стандарти талабларидан қатъи назар) савдо жараёнида мўлжал сифатида ҳисобга олинишига рухсат берилади;

баҳолаш ташкилотининг баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботида тавсия этилган ва унинг экспертиза хулосасида аниқланган нархни давлат активининг бошланғич нархи сифатида мажбурий белгилаш тўғрисидаги талаб амал қилмайди;

Давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат комиссиясига давлат активларининг бошланғич нархини эълон қилмаган ҳолда сотиш тўғрисида эълонлар бериш ҳамда 2 тадан кам бўлмаган таклифлар орасида энг яхшиси асосида сотиш бўйича қарорлар қабул қилиш ваколати берилади (баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда тавсия этилган ва экспертиза хулосасида аниқланган нархдан қатъи назар).

3. Давлат активларини бошқариш агентлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2021 йил 1 августга қадар давлат мулкини хусусийлаштиришда баҳоловчи ташкилотларни танлаш, уларнинг хизматлари қийматини аниқлаш ва тўлашнинг энг яхши тижорат таклифларини танлаб олиш тартибини жорий этсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 3-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

5. Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил этишга масъул ва жавобгар этиб Бош вазирнинг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров ва Давлат активларини бошқариш агентлиги директори А.Ж. Ортиқов белгилансин.

Фармон ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир А.Н. Арипов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

            Президенти                      Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2021 йил 11 февраль