Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида «Ташаббус, Ҳаракат, Рағбат» шиори остида «Етакчилар форуми» бўлиб ўтди.

Театр фойесида форум иштирокчиларига Қорақалпоғистон Республикаси Етакчилар Кенгаши томонидан амалга оширилган ишлар, ўтган давр мобайнида эришилган ютуқлари ва улар томонидан ўтказилган тадбирларнинг кўргазмаси ташкил этилиб, «Етакчининг бир куни» номли видеолавҳа намойиш этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июндаги «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш доирасида мамлакатимизда ёш авлодни баркамол қилиб тарбиялаш, уларнинг ҳаётга мустақил қадам қўйишлари учун барча зарур шароитларни яратишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларнинг ахборот технологиялари бўйича саводхонлигини ошириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш вазифаларини ўз ичига олган бешта муҳим ташаббус ҳамиша амалда.

Айниқса, ёшларни Ватанга садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, ўсиб келаётган ёш авлодни илм-фан ва инновацияларга кенг жалб этиш, «Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари!» ғояси атрофида бирлаштириш, бошланғич ташкилот етакчиларининг ишларини самарали ташкил қилиш, уларга амалий ва методик ёрдам кўрсатиш мақсадида жорий йилнинг 28 январдан 28 февралгача вақт, яъни бир ой мамлакатимизда «Етакчилар ойлиги» деб эълон қилинди.

 

 

«Етакчи ўзи ким?», «Етакчининг биринчи куни», «Сардорлар Кенгаши, имконият, натижа» номли видеолавҳалар форумга ўзгача шукуҳ бағишлади. Иштирокчилар овоз бериш орқали номзодлар орасидан Қорақалпоғистон Республикаси Етакчилар Кенгаши раисини аниқлади. Ҳар бир шаҳар ва тумандан ташриф буюрган етакчилардан лидерлар тайинланиб, уларга «Ишонч хат»и тантанали равишда топширилди.

Етти юз нафардан зиёд ёшлар етакчисини бирлаштирган форум доирасида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Маданият вазирлиги билан ҳамкорликда ёшлар етакчиларини ҳар томонлома қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятида учрайдиган муаммо ва қийинчиликларни бартараф этишда ҳамкорлик қилиш мақсадида меморандум имзоланди.

– Юртимизда биринчи бор ташкил этилган Ўзбекистон ёшлари форумида сўзлаган нутқида давлатимиз раҳбарининг ёшларни Ватанимизнинг энг катта бойлиги ва бебаҳо хазинасига қиёслагани, уларнинг синовли кунларда кўрсатган мардлиги, жасоратини юксак эътироф этгани ҳар биримизга янада катта масъулият юклайди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Етакчилар Кенгаши раиси Ҳурлиман Жумамуратова. 

– Келгусида ушбу юксак ишончни ўзимизнинг фидокорона меҳнатимиз билан оқлашга ҳаракат қиламиз.

Тадбир якунида санъат усталари ва ёш ижрочилар иштирокидаги гала-концерт тадбирга файз бағишлади.

 

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА