Қорақалпоғистонда жорий йилда 44 минг гектар майдонга шоли экиш мўлжалланган бўлиб, шунинг 20 фоиз майдонида кўчатлаб экиш йўлга қўйилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бўлим бошлиғи Равиль Бекниязовнинг маълумот беришича, мазкур тадбир Президентимизнинг жорий йил 2 февралдаги “Шоли етиштиришни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилмоқда.
Шолини кўчатлаб экиш технологияси Жанубий-шарқий Осиё давлатларида минглаб йиллар аввалги даврлардан буён қўлланиб келинади. Масалан, ҳозирда Индонезияда шоли 90 фоиз, Бирмада 80 фоиз, Ҳиндистонда 75-80 фоиз, Хитой билан Японияда 100 фоиз кўчатлаб экилади.
Кўчатлаб экиш шолининг вегетацион даврини қисқартиради ва сув сарфини тежайди.
Масалан, уруғдан экиладиган шоли 55-60 кунда етиладиган бўлса, кўчатлаб экишда 25-30 кун етарли бўлади. Уруғ питомникларда эрта мавсумда экилади ва у ерда ҳар хил зараркунандалардан ҳимояланган бўлади, ҳар қандай ўсимликлар касаллигига чидамли бўлиб етилади. Умуман, кўчатлаб экиладиган шолига барча ўғитлар берилади.
Шунингдек, шолини уруғдан оддий экишда 1 гектар ер майдонга 22-22,5 минг куб сув сарф қилинадиган бўлса, кўчатлаб экишда эса 17-17,5 минг атрофида бўлади. Демак, 1 гектарда 4-5 минг куб метр сув тежаб қолинади.
Шоли анъанавий усулда экилганда унумдорлик 21-25 фоиз атрофида бўлса, кўчатлаб экишда бу кўрсаткич 85 фоизни ташкил қилади, кўчатларни ўтқазгандан кейин чиқин 10-15 фоиздан ошмайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқоридаги қарори билан 2021 йил 31 декабрига қадар шолини кўчатлаб экувчи ускуналар ва замонавий экиш сеялкаларини сотиб олувчиларга ускуналарнинг 20 фоиз пули давлат томонидан тўлаб берилиши назарда тутилган. Шунингдек, 2022 йилда жами шоли экиладиган майдоннинг 40 фоизида кўчатлаб экиш амалга оширилиши белгиланган.
Е.Қаноатов, ЎзА