Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети билан ҳамкорликда талабалар ўртасида “Жалолиддин издошлари” номли янгича ҳарбий-спорт танлови ташкил этди.
Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати ЎзАга хабар берди.
Мазкур мусобақа Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида шу йилнинг январь ойида ўтказилган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни спортга кенг жалб этиш бўйича қўйилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.
Мусобақа факультетларда таҳсил олаётган талабалар орасидан илғор, ташаббускор, фидойи ва ижодкор, самарали натижаларга эришаётган ёшларни аниқлаш ҳамда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ўқишдаги ютуқларини муносиб баҳолаш ва рағбатлантириш, муваффақиятларини тарғиб қилишга қаратилди.
Таъкидлаш жоизки, 2020 йилда капитал таъмирдан чиққан “Нукус” дала-ўқув майдони бугунги кунда нафақат ҳарбий хизматчиларнинг жанговар тайёргарлигини юксалтириш ҳамда ёшлар ўртасида турли мусобақаларни ташкил этиш, балки халқаро миқёсдаги ҳарбий машғулотларни ўтказиш имконига ҳам эга бўлди.
Беллашув иштирокчиларини Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов қутлади ҳамда ёшларга омад тилади.
Мусобақа икки босқичдан – “Ҳарбий ва жисмоний таёргарлик” ҳамда “Ҳарбий билим ва маънавий-маърифий тайёргарлик”дан иборат бўлди.
Танлов шартларининг биринчи босқичи дала-ўқув мадонида ташкил этилиб, унда ёшлар жамоавий психологик йўлакдан ўтиши, газниқобни кийган ҳолда автомат билан 1 километр масофага югуриши, пневматик милтиқдан ўқ отиши, оммавий қирғин қуролларидан ҳимояланиш воситаларини кийиши, автоматни нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш, автомобиль балони ва ўқ-дори қутисини 100 метр масофага олиб ўтиши, граната улоқтириши ҳамда эстафета югуриши белгиланган.
Ушбу мусобақада университетда таҳсил олаётган 10 та факультетнинг талабалари ўзаро куч синашиб, жисмонан баркамол ва маънан етуклигини намойиш этди. Ҳар бир жамоада 7 нафар иштирокчи қатнашган мусобақа шиддатли кечди.
Қизғин баҳс ва мунозараларга бой ўтган мусобақа ёшларнинг жамоа бўлиб ҳаракат қила олишини кўрсатиб берди. Барча меъёрларни бажаришда техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинишини таъминлаш мақсадида тўсиқлар олдида ҳарбий хизматчилар назоратни амалга оширди.
Танловнинг иккинчи шарти Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида бўлиб ўтди. Иккала шартлар якуни бўйича юқори натижалар кўрсатган жамоалар ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.