«Танка» фильмини ёдга олганда юзимизга табассум инади.

Самимий қаҳрамонларнинг содда ва беғубор ҳаёти, оддий суҳбати, турмуш тарзи ўзига ром этади. Уни қайта ва қайта кўраверамиз. Аммо ушбу фильм яратилиши ва асар муаллифи ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Аслида фильмларнинг “парда” ортидаги ижодкорлари ардоқлашга муносиб.

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси, Бердақ номидаги республика мукофоти совриндори Муратбой Низановнинг 70 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда ёзувчи-шоирлар, санъат арбоблари, нуронийлар, талаба ёшлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари А.Давлетов сўзга чиқиб юбилей муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг табригини ўқиб эшиттирди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиуми қарори билан таниқли адиб ва кинодраматург Муратбой Низанов «Ардоқли нуроний» кўкрак нишони билан тақдирланган эди. Тадбирда ушбу мукофот тантанали равишда топширилди.

Ижодкорнинг “Шунақасиям бўлади”, “Нишона”, “Кулгим келади”, “Одам кулдиргани учун”, “Сизга бўлмайди”, “Ўзга сайёрада етти кун”, “Ақчагул”, “Охират уйқуси”, “Душман”, “Ошиқ бўлмаган ким бор”, “Ҳаво кемасидан икковлон”, “Муҳаббат қўшиғи” каби 40 га яқин китоби қорақалпоқ ва ўзбек ўқувчилари қалбидан чуқур жой олди. “Ақчагул” асари мамлакатимиз миқёсида ўтказилган «Истиқлол: замонамиз қаҳрамонлари» танловида биринчи ўринни эгаллади.

Унинг асарлари ўтган асрнинг 80-йилларидан буён ўзбек тилида, шунингдек, қардош қозоқ, татар, нуғай тилларида ҳам чоп этилиб келинмоқда. Нукусда ёзилган ҳикоя, қисса ва романлари сиёҳи қуримасданоқ Тошкентда ўзбек тилига таржима қилиниб, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, “Жаҳон адабиёти”, “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик”, “Ёш куч”, “Муштум” журналларида чоп этилади. Унинг асарларини қорақалпоқ тилидан таржима қилишда устози, таниқли ёзувчи Носир Фозилов бошлаган эзгу анъанани Меҳмонқул Исломқулов, Музаффар Аҳмад, Рустам Мусурмон, Ғафур Эшмурод давом эттирмоқда.

Адиб сценарийси асосида яратилган “Танка” бадиий фильми нафақат қорақалпоқ, балки ўзбек кино санъатининг олтин фондидан муносиб ўрин эгаллади. Шунингдек, унинг қаламига мансуб “Ўғри”, “Курорт”, “Қўшнилар” номли бадиий фильмлар ҳам юксак эътирофга сазовор бўлди. Кўплаб драматик асарлари театр саҳнасида қўйилди. Уларда бугунги куннинг долзарб мавзулари, оқкўнгил қорақалпоқ халқининг бетакрор фазилатлари юксак бадиий маҳорат билан ёритилгани боис, улар Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон телевидениеси орқали мунтазам намойиш этилмоқда.

Таниқли адиб ва кинодраматургнинг деярли ярим асрдан ортиқ ижодий фаолияти муносиб баҳоланиб, “Дўстлик” ордени, “Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими”, “Қорақалпоғистон Республикаси халқ ёзувчиси” фахрий унвонлари, Бердақ номидаги республика мукофоти билан тақдирланди.

– Бадиий адабиётнинг лирика, эпика, драма жанрларида самарали ижод қилиб келаётган Муратбой Низанов асарларида миллий менталитетга хос қарашлар, анъана ва қадриятлар алоҳида ўрин эгаллайди, – дейди филология фанлари доктори, профессор Қуанишбай Оразимбетов. – Унинг ижод калити ҳам мана шунда. Қорақалпоқ тилида чоп этилган 31 номдаги китоби, ўзбек тилидаги 8 номдаги, татар тилидаги 2 номдаги китоби, сайланма асарларининг 10 жилдлиги, 10 та киносценарийси, 4 та мультфильм сценарийси – бу бир кишининг ижодидаги ғурурланарлик намуналардир. Бу оддий рақамлар эмас, ҳар бирининг ортида заҳматли меҳнат, изланишлар, бедор тунлар бор.

Ижодий кечада адиб асарлари асосида саҳналаштирилган кинофильм ва спектакллардан парчалар, унинг қаламига мансуб шеърлардан тузилган концерт дастури намойиш этилди.

Довуд Абибуллаев,  

Мақсад Ҳабибуллаев(сурат), ЎзА