Ҳиндистон шимолида Ҳимолай музлигининг бир қисми дарёга қулаши оқибатида Уттараханд штатида тошқин юзага келди.
Ўн бир киши ҳалок бўлган, 145 киши бедарак йўқолган.
Бу ҳақда мамлакат расмийлари баёнот берди.
Тошқин тўғонни бузиб юборган, Уттараханд штатининг кўп жойларини сув босган. Бедарак йўқолганларнинг аксарияти ушбу штатдаги иккита ГЭС ишчилари экани тахмин қилинмоқда.
Қутқарув ишларига юзлаб ҳарбийлар ва вертолётлар жалб қилинган.
Мутахассислар ҳодисани текширмоқда, аммо музлик ёрилишига нима сабаб бўлгани ҳозирча аниқланмаган. Расмийларнинг маълум қилишича, айни пайтгача 25 киши қутқарилган.
Душанба кунги твитида Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Уттараханддаги вазиятни диққат билан кузатиб боришини айтган.
«Мен ҳукумат вакиллари билан мунтазам хабарлашиб турибман, операция ташкилотчилари қутқарув ишлари ҳақида менга маълумотларни етказмоқда», деган у.