Ўтган йили Испанияда сайёҳлар оқими пандемия ва жорий этилган чекловлар туфайли 2019 йилга нисбатан 77,3 фоизга қисқарган.
Бу ҳақда Миллий статистика институти (INE) маълум қилди.
2020 йилда мамлакат 18,9 миллионта хорижлик меҳмонни қабул қилган. Сайёҳларнинг Испанияга бу қадар оз келиши 1969 йилда кузатилган эди, деб хабар қилади Europa Press агентлиги.
Ўтган йилда Испанияга энг кўп французлар келишган (3,9 миллион). Кейинги ўринни британияликлар (3,2 миллион) ва германияликлар (2,4 миллион) эгаллашди. Статистикада қайд этилишича, сайёҳларнинг асосий йўналиши Канар ороллари, Каталония ва Валенсия бўлган.
Туристларнинг 2020 йилда Испания қироллигида амалга оширган харажатлари жами 19,7 миллиард еврони ташкил этган. Ҳолбуки, бу кўрсаткич 2019 йилда 91 миллиард евродан ошган эди.