Буюк шоир ва мутафаккир, давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоийнинг ижодий мероси нафақат халқимизнинг, шу билан бирга, жаҳон адабиёти тарихида ҳам ўзининг ажралмас ўрнига эга.

 

Бугун, 3 февраль куни Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида буюк шоир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан «Алишер Навоийнинг жаҳон илм-фан ва маданиятида тутган ўрни» мавзусида халқаро илмий-амалий онлайн анжуман бўлиб ўтди.

 

Анжуманни институтнинг ёшлар билан ишлаш масалалари бўйича проректори Қ.Қадиров бошқариб борди.

Алишер Навоийнинг бой ижодий меросини ҳар томонлама теран ўрганиш, унинг асарларини юртимизда ҳамда хорижда кенг тарғиб қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 октябрьдаги «Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди.

 

Мазкур қарорда белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб ташкил этилган халқаро анжуманда Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва республикамизнинг етакчи олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказларидан профессорлар, олимлар, шунингдек, институт талаба-ёшлари иштирок этди.

 

Туркия Республикаси Ҳожи Байрам Вали университети профессори, филология фанлари доктори Вели Савач Елок Алишер Навоий асарлари турк тили ва адабиётининг, чунончи, турк шеъриятининг ривожланишига катта ҳисса қўшганлиги, унинг асарлари олдинги Усмонлилар давлати пайтида, шунингдек, республика бўлгандан сўнг ҳам теран ўрганилиб, ҳатто бирнеча илмий асарлар ёзилганлигини таъкидлиб ўтди. Ўтган асрнинг 40 йилларида Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди, сўнгра 60 йилларда девонлари ҳамда «Ҳамса» асари тўғрисида турк тилида китоблар нашр қилинганидан сўнг Туркияда Навоий меросини ўрганиш бирмунча фаоллашди.

Озарбайжон Миллий фанлар академияси Низомий Ганжавий номидаги Адабиёт институти Озарбайжон-Туркманистон-Ўзбекистон адабий алоқалар бўлими мудираси, филология фанлари доктори, профессор Алмаз Улви Биннатова Алишер Навоий асарларининг Озарбайжонда сақланаётган ноёб қўлёзма нусхалари тўғрисида маълумот берди.

 

Анжуманда Қозоғистон Республикасида хизмат кўрсатган арбоб, «Парасат», «Барис» III даражали орденлари соҳиби, машҳур шоир Несипбек Айтули қозоқ адабиётининг жанр жиҳатидан ривожланишида Навоий асарларининг таъсири юқори бўлганлигини аниқ мисоллар билан таъкидлаб, ўзи томонидан қозоқ тилига ўгирилган Навоийнинг «Ҳамса» достони ҳақида сўз этди.

Шунингдек, анжуманда филология фанлари доктори, профессор К.Қурамбаев туркман адабиётида Алишер Навоий анъаналари, филология фанлари доктори, доцент С.Қазақбаев Алишер Навоий асарларини қорақалпоқ синфларида ўқитиш усуллари, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети доценти, филология фанлари доктори Д.Юсупова Алишер Навоийнинг мусамматлари ҳақидаги маърузалари билан чиқиш қилди.

Тадбирда талаба-ёшлар ҳам сўзга чиқиб, навоийшунослик соҳасида амалга оширилаётган илмий тадқиқотлар, Навоий асарларининг ҳозирги замон шеъриятидаги тутган ўрни тўғрисидаги фикрларини билдириб ўтди.

 

Анжуманда Навоий асарларини мактабгача таълим ташкилотларидан бошлаб ўтиш, мактаб дарсларида, шунингдек, олий таълим муассасаларида Навоийнинг бой меросини теран ўрганиш учун ажратиладиган соатлар сонини ошириш орқали учинчи ренессанснинг тамал тошини қурадиган ёш авлодларни тарбиялаш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

 

Ислам Матеков,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.

Муаллиф олган расмлар.