Қирғизистон президенти Садир Жапаров президент аппаратининг тузилмавий бўлимлари раҳбарлари билан йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда президент аппарати ахборот сиёсати бўлими маълум қилди.
Хабарда айтилишича, мажлисда президент аппарати олдида яқин истиқболда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинган.
Садир Жапаровнинг таъкидлашича, бугунги кунда иккита долзарб масалага эътиборни кучайтириш лозим. Улардан бири давлат ҳокимияти органлари фаолиятида коррупцияни йўқ қилиш бўлса, иккинчиси бюрократияни бартараф қилиш.
Садир Жапаров қариндошлик, маҳаллийчилик, дўстлик ва бошқа алоқалари бўлишига қарамай, қонунни бузган, айниқса, коррупцияга аралашган фуқаро қонун бўйича қаттиқ жавобгарликка тортилишини таъкидлаган.
Шу муносабат билан, у президент аппаратининг тузулмавий бўлинмалари раҳбарларидан шаффоф ва самарали ишлашни талаб қилган.
ЎзА