Ҳиндистоннинг “NewDehliTimes” газетаси 25 январь куни Ўзбекистон ҳақида мақола чоп этди.
Жаҳон матбуоти Ўзбекистон ҳақида
Бош муҳаррир Aнкит Сривастава ёзган мақоласида Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни таъкидлаб ўтади.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти лавозимига сайланганидан буён мамлакат нафақат ривожланиш даврига гувоҳ бўлди, балки Марказий Осиёда етакчи давлат сифатида ўз мавқеини оширди. Ўзбекистон Президенти халқаро майдонда ислоҳотчи, дея тан олинмоқда, дейилади мақолада.
2016 йил 2 сентябрда мамлакатнинг Биринчи Президенти вафот этганидан сўнг Олий Мажлис Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни вақтинча Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев зиммасига юклаш тўғрисида қарор қабул қилди. 2016 йил 4 декабрда бўлиб ўтган Президент сайловида Шавкат Мирзиёев 88,6 фоиз овоз билан Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди ва шу йилнинг 14 декабрида қасамёд қилган, – деб ёзади муаллиф.
Президент Мирзиёев демократик ислоҳотларни амалга ошириш ва иқтисодий ўсишни таъминлаш мақсадида доимий равишда муҳим қарорларни қабул қилиб келади. Унинг қарашларида шундай бир ифодани кўрасиз: “Ҳукумат халққа хизмат қиладиган вақт келди”. Мирзиёев Ўзбекистонни савдо ва сармоялар учун очиш, одамлар, ғоялар ва технологияларнинг эркин оқимига имкон яратишга катта эътибор берди, деб ёзади, “New Dehli Times” газетаси.
2017-2021 йилларда Ҳаракатлар стратегияси янги Ўзбекистон Президентининг қарашларига мувофиқ қабул қилинди. Қуйидагилар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг бешта устувор йўналиши сифатида белгиланди:
1) Демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда Олий Мажлис, сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш; давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш.
2) Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суднинг нуфузини ошириш, суд тизимини демократлаштириш ва такомиллаштириш; фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш.
3) Макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш ва юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш; таркибий ўзгартиришларни чуқурлаштириш, миллий иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизация ва диверсификация қилиш ҳисобига унинг рақобатбардошлигини ошириш; қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш; иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва унинг устувор мавқеини янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини рағбатлантиришга қаратилган институционал ва таркибий ислоҳотларни давом эттириш; вилоят, туман ва шаҳарларни комплекс ва мутаносиб ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, уларнинг мавжуд салоҳиятидан самарали ва оптимал фойдаланиш.
4) Аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириш; аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш; арзон уй-жойлар барпо этиш бўйича мақсадли дастурларни амалга ошириш, аҳолининг ҳаёт шароитлари яхшиланишини таъминловчи йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш; таълим ва фан соҳасини ривожлантириш; ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш.
5) Хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлар.
Шавкат Мирзиёев Президентлиги ушбу мажбуриятлар ҳақиқатга айлантирилишини таъминлади. Парламент аъзолари халқ билан мулоқот қилиши ва ўз округларига мунтазам ташриф буюришлари тавсия этилган.
Фуқаролик жамияти ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари анча эркин шароитда фаолият юритмоқда. Мамлакатда рўйхатдан ўтган фуқаролик жамият институтлари сони йил сайин кўпайиб бормоқда ва бу сиёсий жараённинг фаоллашуви ҳисобланади.
Бошқарув фаолиятида шаффофлик сезиларли даражада яхшиланди ва “TransparencyInternational”нинг “Коррупцияни қабул қилиш индекси – 2019” ҳисоботида Ўзбекистон 25 поғонага юқорилаган.
Aмалдаги Президент узоқ муддат ҳокимиятда қолса, ушбу рейтинг албатта узлуксиз ўсишда давом этади.
Шавкат Мирзиёевнинг иқтисодий ислоҳотлари ижобий натижаларни бера бошлади. Бироқ, COVID-19 пандемияси глобал иқтисодий ўсишга таъсир ўтказишдан олдин, мамлакат сезиларли даражада ўсишга эришган.
2020 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон ЯИМнинг реал ўсиши биринчи чоракдаги 4,1 фоизга нисбатан 0,2 фоизни ташкил этди. Жаҳон банки маълумотларига кўра, ЯИМ ўсиши 2019 йилнинг биринчи ярмида 5,8 фоизни ташкил этган. Жаҳон банкининг прогнозларига кўра, Ўзбекистон ЯИМ 2021 йил 4,3 фоизга, 2022 йилда 4,5 фоизга ўсиши кутилмоқда.
Марказий Осиё минтақасида иқтисодий ўсиш суратлари 3 фоизгача етиши тахмин қилингани эътиборга олинадиган бўлса, бу эътиборга молик. Инсон тараққиёти индексининг 2020 йилги ҳисоботида Ўзбекистон 2019 йилдан ўз позициясини 2 поғонага оширди ва ҳозир 106-ўринни эгаллаб турибди.
Ўзбекистоннинг банк қонунчилиги (банк тўғрисидаги қонун лойиҳаси сўнгги йилларда кенг миқёсда молиявий секторни тозалаш пайтида миллийлаштирилган ёки тугатилган банкларнинг собиқ эгаларининг мулк ҳуқуқларини қайтариб олиши ёки пул компенсациясини олишига тўсқинлик қилади) ва ер ислоҳотлари (қишлоқ хўжалиги ерларини сотиш тақиқини бекор қилиш) Халқаро валюта жамғармаси томонидан ҳам маъқулланди.
Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг кредит хатарлари рейтингида мамлакатнинг мавқеи яхшиланди. Жаҳон банкининг “DoingBusiness” рейтинги маълумотига кўра, мамлакат 7 поғонага кўтарилиб, бизнесни рўйхатдан ўтказиш бўйича 190 мамлакат орасида 8-ўринни эгаллади ва энг яхши ислоҳотчилар қаторига киритилди.
Соғлиқни сақлаш соҳасида Ўзбекистоннинг COVID-19га қарши курашиши Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан юқори баҳога сазовор бўлди: “Ўзбекистонда жамоатчиликнинг юқори даражадаги хабардорлиги, шунингдек, қарорлардан хабардор қилиш учун кунлик йиғиладиган маълумотларни тақдим этадиган Республика ишчи гуруҳи фаолияти қатъий йўлга қўйилган”, дейди мамлакат Президенти.
Шунингдек, эпидемияга жавобан миллий диагностика лабораториялари сони кўпайиб, мамлакат бўйлаб 60 та тармоқ яратилди.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг халқаро обрўсини, айниқса, Марказий Осиёда етакчилигини юксалтирди. Пандемия даврида Шавкат Мирзиёев инфекция тарқалишига қарши курашиш бўйича қўшма чора-тадбирларни ишлаб чиқишда бошчилик қилди. Ўзбекистон Қирғизистон ва Тожикистонга гуманитар ёрдам кўрсатгани ҳам эътирофга лойиқ.
Президент мамлакатнинг Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга содиқлигини таъкидлайди. Ўзбекистон Президенти томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очиш таклиф қилинган.
Шавкат Мирзиёев, шунингдек, БМТнинг Глобал антитеррор стратегияси бўйича минтақавий қўшма режанинг 10 йиллигига бағишланган Халқаро конференция ўтказилишини қўллаб-қувватлаган.
Ўзбекистоннинг ушбу таклифлари ва ташаббуслари Марказий Осиёда иқтисодий, минтақавий мавқени мустаҳкамлаш билан бирга минтақадаги хавфсизликни ҳам мустаҳкамлайди, дейилади мақолада.
Ўзбекистон, шунингдек, Aфғонистонда барқарор тинчлик ўрнатишга чақирди. Мамлакат Президенти Aфғонистоннинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига кўмаклашиш мақсадида БМТ ҳузурида Афғонистон бўйича доимий фаолият кўрсатадиган қўмита ташкил этиш ташаббуси билан чиқди.
“New Dehli Times”, ички ва халқаро ишларда Шавкат Мирзиёевнинг сиёсати муваффақиятли бўлганини ёзади. Aнкит Сривастава мақола сўнгида мамлакат ички сиёсатда иқтисодиёт халқ фаровонлиги учун хизмат қилишига алоҳида тўхталиб ўтган.
– Халқаро алоқалар соҳасида Ўзбекистон Марказий Осиёда минтақавий хавфсизликни таъминлашда етакчига айланиб бормоқда, – дейди Aнкит Сривастава.
Беҳруз Худойбердиев тайёрлади, ЎзА