Давлат Абраев, кураш бўйича жаҳон чемпиони, Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинлари ғолиби:
– Президентимиз томонидан биринчи марта мамлакатимиз парламенти – Олий Мажлисга Мурожаатномасини катта ҳаяжон билан кузатдик. Айниқса, 2017 йилда спорт соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилган улкан ислоҳотлар, спортчиларимизнинг эришаётган ютуқларини, миллий курашимиз тарихида ёрқин воқеа – Туркманистонда ўтган Осиё олимпия кенгаши бош ассамблеяси йиғилишида курашнинг Осиё ўйинлари дастурига расман киритилганини катта мамнуният билан эътироф этгани спортчи сифатида мени ғурурлантириб юборди.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда спортни ривожлантириш, ёш авлоднинг жисмонан ва маънан соғлом бўлиб улғайишини таъминлашга доимий эътибор қаратилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида бу борадаги ишлар юксак босқичга кўтарилди. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг эътибори самараси спортчиларимизнинг халқаро майдонлардаги ғалабаларида ўз ифодасини топмоқда. Жорий йил Туркманистонда ўтган Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинларида эришган натижалари бунинг яққол исботидир.
Гўзал Исматова, бокс бўйича Осиё чемпиони:
– Президентимизнинг Мурожаатномаси бошқалар қатори мени ҳам тўлқинлантириб юборди. Айниқса, спортчиларни Олимпиадага тайёрлашда мутлақо янгича ёндашув бўлиши, спортчиларга барча имкониятлар яратилиши ҳақидаги сўзлари менга ўзгача руҳ, куч-ғайрат бағишлади. Бу Президентимизнинг биз ёшларга билдираётган юксак ишончи, бизнинг эзгу орзуларимизни рўёбга чиқаришга қаратилаётган улкан эътиборидан далолатдир.
Давлатимиз раҳбарининг ишончини оқлаш, 2020 йили Япониянинг Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларида юксак натижаларга эришиш учун бор куч ва имкониятимизни ишга соламиз.