Булунғур туманидаги 13-мактабгача таълим ташкилотида аёл киши томонидан тарбияланувчига нотўғри муносабатда бўлингани акс этган видеолавҳа Самарқанд вилояти мактабгача таълим бошқармаси ва туман прокуратураси томонидан ўрганилиши ҳақида хабар берган эдик.

Вилоят мактабгача таълим бошқармаси ва Булунғур тумани ҳокимлиги ахборот хизматларининг маълум қилишича, 18 январь мазкур ҳолат туман ҳокимлиги ва вилоят мактабгача таълим бошқармаси масъул ходимлари томонидан жойида ўрганилди.

Ўрганиш давомида ташкилот мудираси Р.Аҳророва 2-тайёрлов гуруҳи тарбияланувчиси М.Ш.га руҳий босим ўтказиб, қўллари ва юзига урганлиги аниқланди. Ушбу видео боғча психологи томонидан тасвирга олиниб, тарбияланувчиларнинг ота-оналарига тарқатилган. Воқеа содир бўлган куни гуруҳ тарбиячиси Д.Маҳкамова соат 12:20 да ишга келганлиги ва бу ҳолатга гувоҳ бўлмаганини ўз тушунтириш хатида маълум қилди.

Шунингдек, ўрганишлар давомида ташкилот директори Р.Аҳророванинг юраги хуруж қилганлиги боис “Дўстлик” тез тиббий ёрдам бригадасининг кундузги гуруҳ врачи ва ҳамшираси чақирилди.

Р.Ахророва тез тиббий ёрдам бригадаси томонидан шифохонага олиб кетилган. Таълим ташкилоти мудираси вазифасини вақтинча бажариш олий маълумотли тарбиячи Д.Мардиевага юклатилди.

Самарқанд вилоят мактабгача таълим бошқармаси томонидан Р.Ахроровага меҳнат қонунчилигида белгиланган тартибда “Меҳнат шартномаси”ни бекор қилиш чоралари кўрилиши белгилаб олинди.

Айни вақтда, мазкур ҳолат юзасидан Булунғур туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА