АҚШ ва Европанинг бир қатор давлатлари ҳукумати мухолифатчи-сиёсатчи Aлексей Навальнийни Россия ҳибсхонасидан озод этишни талаб қилмоқда. Бу ҳақда BBC нашри хабар берди.

Кеча 44 ёшли Алексей Навальний Германиядан учиб, Москвага етиб келган ва дарҳол ҳибсга олинган.

Ғарбнинг фикрига кўра, Кремлни айблагани учун, гўёки, унга нисбатан тазйиқ ўтказилган. Салкам беш ой ўтгач, мана у мамлакатга қайтди. Табиийки, расмий Москва ҳукумат шаънига айтилган салбий фикрларни рад этади.

Шунингдек, мамлакат ташқи ишлар вазири ҳам халқаро миқёсдаги “ҳукм”ни тан олмайди. Сергей Лавровнинг айтишича, Ғарб сиёсатчилари бу воқеани ўз ички муаммоларидан омма «эътиборини чалғитиш» мақсадида шундай талқин қилишмоқда.

Якшанба куни Россия ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизими масъуллари Кремль танқидчиси пул ўғирлагани учун берилган шартли жазо муддатини бузган, дея айбланувчи суд қарорига қадар ҳибсда қолишини билдирди.

Суд мажлиси Москва яқинидаги полиция бўлинмасида бугун бўлиб ўтяпти.

AҚШ ва Европа Иттифоқи жаноб Навальний озодликка чиқарилишини талаб қиляпти.

AҚШ давлат котиби Майк Помпеонинг фикрича, Россия ҳукумати танқидчилар овозини ўчиришга уринмоқда. У Навальний зудлик билан ва шартсиз равишда қўйиб юборилиши керак, деб ҳисоблайди.

Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА