Маълумотларга кўра, Сербияда COVID-19 туфайли 3600 га яқин фуқаро вафот этган. Бу айрим давлатлар билан солиштирганда юқори кўрсаткич бўлмаслиги мумкин, аммо айнан тиббиёт соҳаси ходимлари орасида коронавирусдан нобуд бўлганлик даражаси бошқа мамлакатларга қараганда анча юқори.
Шифокорлар ва фармацевтлар уюшмаси ҳисоботи шуни кўрсатдики, 7 миллион аҳолиси бўлган Сербияда ушбу вирусдан вафот этган шифокорлар 72 нафарга етган. Эътиборли жихати, 60 миллиондан ортиқ киши яшайдиган Буюк Британияда айни кўрсаткич 43 га тенг.
Бирлашган Қиролликда Сербияга нисбатан 80 минг нафар кўп бемор ҳаётдан кўз юмган.
Танқидчилар мамлакат соғлиқни сақлаш тизими аҳволи ҳақида, асосан, салбий фикр билдиришади, чунки шифокорлар ва ҳамшираларга йўналтирилган бюджет маблағи 2013 йилдан буён музлатиб қўйилган. Натижада, коронавирус пайдо бўлганда мамлакат соғлиқни сақлаш сектори эпидемияга қарши курашга тайёр бўлмаган.
– Ташкилотнинг абгор аҳволи, ходим, асбоб-ускуна етишмаслиги – буларнинг бари шифокорлар орасида ўлим сони кўпайишига олиб келди, – дейди Сербия Шифокорлар ва фармацевтлар уюшмаси раҳбари Раде Панич “Euronews” га берган интервьюсида. Шунингдек, у ўлим ҳолати, аслида, 72 тадан ортиқ эканлигини ҳам таъкидлаган.
Панич яна бир масалани кўтарди. Унинг иддао қилишича, Сербия касалхоналарида юқори лавозимни эгаллаш сиёсий тайинловлар билан боғлиқ жараён. Яъни, тиббиёт муассасалари менежерлари, одатда давлат бошқаруви вакилларига содиқлиги билан ажралиб туришади. Айни шу жиҳат уларнинг бошқарув қобилиятидан кўра муҳимроқ.
ЎзА