Ҳукуматимиз Россия билан муносабатларни ойдинлаштириш, жумладан, ҳудудий муаммоларни тезроқ ҳал қилишга ҳаракат қилади, деди Япония бош вазири Ёсихидэ Суга парламентнинг очиқ сессиясидаги дастурий маърузасида.
Маълумки, кун чиқар юрт ўзининг “шимолий ҳудуди” деб ҳисоблайдиган Жанубий Куриль оролларига даъво қилиб келмоқда.
«Шимолий ҳудуд муаммосини келгуси авлодга қолдирмай, ушбу масалага бугун нуқта қўйиши лозим», — деди бош вазир.
Мулозимнинг таъкидлашича, Токио Япония – Россия муносабатларини янада ривожлантириш учун бор куч-ғайратини ишга солади. Суга Япония дипломатиясининг асоси АҚШ билан иттифоқчилик муносабати эканига ҳам урғу бераркан, янги президент Жо Байден билан тезроқ учрашиш истагидалигини яширмади.
Россия ва Япония муносабатларига кўп йиллардан буён ўзаро тинчлик битими имзоланмагани соя ташлаб келади. Жанубий Куриль (Кунашир, Шикотан, Итуруп ва Хабомаи) ороллари масаласи алоқалар ривожланишига асосий тўсиқ бўлмоқда. Токио 1855 йилда имзоланган савдо ва чегаралар ҳақида икки томонлама шартномага таяниб, ушбу ҳудудларга даъво қилиб келмоқда.
Москва эса ороллар Иккинчи жаҳон уруши якуни бўйича собиқ иттифоқ таркибига киритилгани ва мазкур ҳудудлар устидан Россия суверенитети ўрнатилганини таъкидлаб келади.